Бугун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Наби Авжи Ўзбекистон ва Туркия тарихий кунларни бошдан кечираётгани, кеч бўлса-да, учрашганини қувонч билан таъкидлади. 

"Туркия туризм бўйича дунё миқёсида олтинчи, Европада эса тўртинчи ўринда туради. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳам бу борада катта салоҳиятга эга", - деди Наби Авжи.

Туркия Маданият ва туризм вазири истиқболдаги вазифаларни санаб ўтди:

1.  Туризм соҳасидаги Ҳамкорлик меморандуми имзоланади;
2.  Маданият соҳасидаги ҳамкорликка доир ҳужжатни янгилаш керак (1997 йилда имзоланган);
3.  Туризм соҳасида қўшма иқтисодий комиссия тузилади;
4.  Туризм таълими йўналишида кўп ишлар амалга оширилади. Туркия бу борада катта тажрибага эга, шундай экан, биз уни ўзбек қардошларимиз билан баҳам кўришга тайёрмиз;
5.  Меҳмонхона менежменти бўйича масофадан таълим йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Эски шаҳардаги Анадолу университети бу борада катта тажрибага эга. Зарур қўлланмалар ўзбек тилига таржима қилиниб, ўзбекистонлик талабаларга етказилади. 
6.  Маданий соҳадаги ҳамкорлик. Бу йўналишда авваламбор виза масаласини ҳал қилиш керак. Ушбу масалада ёрдам берилса, Ўзбекистонга янги туризм тўлқини кириб келади. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларни кўришга иштиёқманд туркияликлар жуда кўп. 
7.  Тарихий қўлёзмалар контрабандасига биргаликда чек қўйишимиз керак.