Ҳар йили 25 май санаси битирувчи ўқувчилар учун ҳаяжонли келади. Чунки айнан мана шу санада улар мактаб билан хайрлашиб, катта ҳаётга қадам босишади. Тўққиз йил давомида устоз-мураббийларидан олган сабоқлари ана шу катта ҳаёт йўлида уларга йўлдош бўлади. 

Ушбу санада Ўзбекистондаги барча умумий ўрта таълим мактабларида бўлгани каби Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 160-умумтаълим мактаби ва Чилонзор туманининг 182-умумтаълим мактабларида ҳам ўқув йили якунига бағишланган "Хайр, мактаб! Салом, коллеж!" номли тадбир ўтказилди. Ушбу тантанага ота-оналар, педагоглар, маҳалла фаоллари таклиф этилди.

Тадбирга сўзга чиққанлар сўнгги вақтларда мамлакатнинг таълим соҳасидаги янгиликлар, олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритишди. Илм-фан сирларини эгаллаб, Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг шарафли вазифаси эканлиги таъкидланди. Йил давомида турли ижодий  ва маърифий танловлар, билимлар беллашувларида, спорт мусобақаларида фаол қатнашган ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.