АҚШ президенти Дональд Трамп НАТОга асосий хавфлар орасида террорчилик, миграция ва "Россия томондан билдирилаётган хавфни" айтиб ўтди.  

"Келажак НАТОси террорчилик ва миграцияга ҳамда Россия, шарқ ва жанубдан хавфларга эътибор қаратиши керак", деб айтди Трамп НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳидаги нутқида.

Трамп 22 май куни Манчестерда содир этилган терактни қоралади. Портлаш оқибатида 22 киши, жумладан 12 бола ҳалок бўлди, 75 нафар жароҳат олганлар ҳанузгача шифохонада қолмоқдалар, улардан 23 нафарининг аҳволи оғир. Бир неча киши бедарак йўқолган. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.  

"Бу бизнинг маданиятга ваҳший ва бешафқат ҳужумдир", деб айтди Трамп ва террорчиларни "жамиятдан қувиш керак бўлган лузерлар (омадсизлар)" деб атади.  

Трамп НАТО аъзоларини ташкилот олдидаги молиявий мажбуриятларини бажаришга чақирди. АҚШ етакчисининг айтишича, альянснинг 23 аъзосидан 22 таси "ўз мудофааси учун тўлаши керак бўлган ҳақни тўламаяпти ва бу америкалик солиқ тўловчиларга нисбатан адолатсизликдир". 

"Агар НАТОнинг барча давлатлари ўз улушларини ҳалол киритсалар, НАТО бугунгидан ҳам кучлироқ бўлади, айниқса террорчилик хавфи олдида", деб таъкидлаб ўтди Трамп.

Трампнинг нутқи АҚШ телеканаллари орқали намойиш қилинди.

25 май куни Брюсселда НАТОнинг қисқа саммити бўлиб ўтмоқда, унда иштирок этиш учун Трамп ҳам келган. Саммитнинг кун тартибига иккита асосий масала қўйилган: террорчиликка қарши кураш ва альянс аъзолари орасида молиявий юкламанинг тақсимланиши.

24 май куни НАТОнинг бош котиби Йенс Столтенберг альянсга аъзо давлатлар элчилари НАТОнинг ИШИДга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўшилишини маъқуллашганини маълум қилган. Ушбу масала бўйича якуний қарор эса жорий саммитда қабул қилиниши керак.