Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Унга кўра, банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган касаначиликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслар билан фойдаланишни кенгайтириш орқали оила бюджетлари даромадларини кўпайтириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда Консорциум деб юритилади) 50,0 миллиард сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этиш ва уни иштирокчилари орасида 1-иловага мувофиқ тақсимлаш борасидаги таклифлари маъқулланди.

Консорциумга:

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган рўйхатга мувофиқ замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмларни ажратиш;

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган касаначилик турлари бўйича уй шароитида маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш учун маркетингни амалга ошириш ва буюртмачиларни топиш вазифалари билан таркибий бўлинмалар ҳамда касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатишни таъминлаш бўйича – Тошкент шаҳрининг барча туманларида филиалларни ташкил этиш;

амалга оширилаётган иш ҳажмларига мувофиқ Консорциумнинг таркибий бўлинмалари ходимлари сонини мустақил белгилаш;

касаначилар ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар билан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш борасидаги шартномаларни тузиш ҳуқуқлари берилди.
                   
2-иловага кўра, “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” масъулияти чекланган жамияти томонидан ажратиладиган заёмлар эвазига ташкил этиладиган касаначилик турлари рўйхати қуйидагилардан иборат: 1. Тўқима ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш. 2. Галантерея (атторлик) маҳсулотларини ишлаб чиқариш. 3. Қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш. 4. Мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш. 5. Электротехника маҳсулотларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш. 6. Боғдорчилик ва ободонлаштириш хизматлари.

Белгилаб қўйилишича, касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун заёмларни ажратиш сотиб олинаётган товарларни кафилликка олиш орқали амалга оширилади;

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланади.

Консорциум барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиб, бўшаётган маблағлар устав жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади.

Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

касаначилар билан корхоналар ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик борасидаги, шу жумладан, корхоналар буюртмаларини уй шароитларида бажариш истагини билдирувчи маҳаллалар аҳолисини аниқлаш фаолиятини жадаллаштиришни;

аҳоли орасида касаначилик афзалликларини тушунтириш бўйича жадал тарғибот ишлари амалга оширилишини таъминлайди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси зиммасига юкланади.