«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Европа Лигаси финалида «Аякс»га қарши кечган ва 2:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилган учрашувдан кейин фикрларини билдириб ўтди.

«Бу жуда оғир кечган мавсум якуни бўлди, жуда ва жуда яхши якун. Биз премьер-лигада тўртинчи ўриндан кўра кўпроғини истадик. Мақсадга эришдик - кубок билан Чемпионлар лигасига йўлланма олдик. Энди клубда дунё футболидаги барча совринлар бор. Биз аввалбошдан шуни кўзлагандик. Биз ҳамиша Европа Лигасида ғолиб бўла олишимизга ишонардик.

Бугун биз ақл билан ўйнадик. Биз билардикки, ғалаба қозона оламиз. Агар тўпга эгалик қилишни хуш кўрадиган рақиб футболчиларига босим ўтказишни истасанг, қисқа паслардан фойдаланмаслигинг керак. Агар ҳавода устунликка эга бўлсанг, узун паслардан фойдаланишинг керак.

Футбол тарихида нафис ўйин кўрсатганлар кўп бўлган, аммо улар кўп совринлар юта олишмаган. Биз уларнинг биздан яхши жиҳатлари борлигини билардик, биз ўзимизнинг улардан қандай афзалликларимиз борлигини ҳам билардик. Биз уларнинг яхши жиҳатларини ўзимизга сингдирдик. Барчаси омадли кечди. Биз бу мавсумда 3та совринни қўлга киритдик ва Чемпионлар лигасига чиқдик. Мен футболчилардан мавсум учун миннатдорман», - дея Моуриньонинг сўзларини келтирган УЕФА расмий сайти.

Қайд этиш керакки, Моуриньо ЕЧЛ ва Европа Лигасида бир мартадан ортиқ зафар қучган илк мураббийга айланди.