2016 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айресдаги 140 йиллик тарихга эга ҳайвонот боғи ёпилган бўлса-да, ундаги ҳайвонлар тор қафасларда қолмоқдалар. Аргентина ҳукумати ҳайвонот боғидан 1,5 мингдан кўпроқ жонзотни бошқа, жумладан хориждаги  ҳайвонот боғларига тақсимлашга ваъда берган. Бироқ бу ваъдалар қуруқ сўз бўлиб қолмоқда ва ўтган бир йил ичида вазият ўзгаришсиз қолиб, тобора аянчли кўриниш олмоқда, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Ҳайвонот боғи 1875 йилда шаҳарнинг осойишта чеккасида барпо этилган. Ҳозир бу ердан йирик магистрал ўтган.

Ҳайвонот боғидаги кондорлар шунчаки озодликка қўйиб юборилган, яна 360 жонзотга мамлакатнинг турли қисмларидан янги уйлар топилди. Бироқ жонзотларнинг аксарияти тор қафасларда қолиб кетган. Бу орада ҳукумат ҳайвонот боғини бузиб ташлаш қарорини қабул қилган, бироқ ундаги жонзотларнинг келгуси тақдири ҳақида ҳеч қандай аниқлик йўқ.

Шаҳар маъмуриятининг айтишича, ҳайвонларни тарқатиш жараёни улар ўйлагандан мураккаброқ бўлиб чиққан ва ҳозирча бу борада бирор аниқлик йўқ. Шунинг учун ҳозирча вақтинчалик чоралар кўрилган: ҳайвонот боғига аввалги 10 минг ташриф буюрувчи ўрнига 2 минг киши қўйилмоқда.