Тошкент шаҳар Чилонзор туманида Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида қурилаётган намунали уйлардан олиб беришни ваъда қилиб, одамларни алдаб пулини олган фуқаро ҳаракатларига чек қўйилди. 

Тошкент ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинишича, Жумакулов Меҳронбиз 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида Чилонзор тумани ҳудудида бир неча фуқароларга Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида қурилаётган намунали уйларни, гўёки, ўзига таниш бўлган мансабдор шахсларга пора бериш эвазига, қисқа муддатларда олиб беришни ваъда бериб, уларнинг ишончига кириш йўли билан 1,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ тергов бўлими томонидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, яъни фирибгарлик аломатлари билан жиноий иш қўзғатилиб, Жумакуловга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Тошкент шаҳар ИИББ шаҳар фуқароларига шу борада мурожаат қилиб, кимки Жумакуловнинг ҳаракатларидан жабр кўрган бўлса, “102” телефон рақамига ёки ички ишлар идораларига маълум қилишларини сўраб қолади.