Европа кенгаши раиси Доналд Туск Италияда ўтказилаётган G7 саммити вақтида айтдики, расмий Москва Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши учун ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

«Японияда ўтказилган "Катта еттилик" саммити [2016 йилда] вақтидан буён биз Россияга нисбатан сиёсатимизни ўзгартиришимиз учун ҳеч қандай ҳаракат кўрмадик. Шу туфайли мен G7 етакчиларини шу сиёсатни давом эттиришга чақираман», — деган у Сицилияда журналистларга.

Туск санкциялар бўйича зиддиятни фақат Минск келишувларини бажариш йўли билан ҳал қилиш мумкинлигини эслатиб ўтган.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва бир қатор давлатлар Россия билан муносабатларда 2014 йилда санкциялар қўллаган, бунга Россия Қримни ўз таркибига қўшиб олиши сабаб бўлганди. Кейинроқ Украина жануби-шарқида рўй берган қуролли тўқнашувлар бу санкцияларнинг кучайтирилишига олиб келди. Бунга жавобан Москва Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватловчи томонлардан экспортни тақиқлади.

Ғарб давлатлари Москвадан Минс келишувларига амал қилишни талаб этиб келади — бу Украина жануби-шарқида вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган. Бу келишув ҳудудда ўт очишни тўхтатишни, қуролли кучларни олиб кетишни ва Украинада конституциявий ислоҳотлар ўтказилишига замин яратишни ва бошқа мажбуриятларни назарда тутади. Бу келишувнинг кўплаб пунктлари бажарилмай қолмоқда.

Москва бир неча марта бу зиддиятга алоқадор эмаслигини таъкидлаган ва Минск келишувини Киев томони бажармаётганини иддао этган. Бундан ташқари, Россиядагилар Қримнинг қўшиб олиниши халқаро нормаларга зид эмаслиги таъкидланади.