Грузия Мустақиллик кунини нишонламоқда

Жаҳон 26 Май 2017 3369
Фото: AP Photo / Shakh Aivazov

Бугун 26 май куни Грузия республикаси пойтахти ва йирик шаҳарларида Мустақиллик куни муносабати билан тантанали маросимлар ва халқ сайиллари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Грузия ОАВ хабар қилмоқда. 

Бу йил байрам тантаналари "Мен Руставели мамлакатиданман" шиори остида ташкил этилади. Шота Руставелининг машҳур "Йўлбарс терисидаги жангчи" поэмаси байрамнинг асосий мавзуси бўлади. Бу йил, шунингдек, афсонавий шоирнинг 850-йиллиги нишонланади. 

Анъанага кўра, Грузия пойтахти ва унинг Руставели номидаги асосий шоҳ кўчаси тантаналар марказига айланади. Айнан шу ерда Руставели шоҳ кўчаси ва Озодлик майдони ўртасида кўнгилочар томошалар ва концертлар ташкил этилади. Ҳар бир вазирлик бажарган лойиҳалари ва амалга оширадиган ислоҳотлари хусусида ахборот беради. 

Грузия ҳукумати бу йил ҳам сўнгги бир неча йилларда кузатилаётгани каби ҳарбий парад ўтказмайди. Бунинг ўрнига халқ сайиллари ташкил этилади. Озодлик майдонида маҳаллий вақт билан соат 12.00 (Тошкент вақти билан 13:00) 400га яқин янги аскар  ҳарбий қасамёд қилади, асосий шоҳ кўчада ҳарбий техникалар намойиш этилади. Мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам ҳарбий экспонатлар намойиш этилади. 

Байрам кечаси Грузия шоу-бизнеси гала концерти билан якунланади. Унда Грузия президенти Георгий Маргвелашвили ва бош вазири Георгий Квирикашвили маъруза қилиши белгиланган.

Кўпроқ янгиликлар