Хитойнинг таниб олиш технологиялари бозорни тобора эгалламоқда. У оилаларга йўқотилган фарзандларни қайтармоқда, ундан ҳаттоки KFC овқатланиш тармоғида таом танлашда ҳам фойдаланилмоқда.

 

Face++ юзни таниб олиш тизими хитойлик саёҳни сканерламоқда. Baidu компанияси фотоси

2017 йилнинг майида Хитойда яшовчи йигит Face++ юзни таниб олиш тизими туфайли орадан 27 йил ўтиб ўз оиласи билан топишган. Baidu корпорацияси бу тизимни турли ижтимоий соҳаларда илгари сураётганига бир йилдан ошди. Тизим жамоатчилик жойларида ишлатилмоқда, мижозларнинг истагини таҳлил қилиш учун реклама мақсадларида фойдаланилмоқда.

Гарчи ғарб давлатлари хизматнинг яратувчилари фойдаланувчиларнинг шахсий муҳитига дахл қилиши мумкинлиги борасида фаол эътироз билдириб келаётган бўлса-да, хитойлик IT-экспертларнинг фикрича, ушбу технология мамлакат хавфсизлиги учун муҳим элемент саналади.

 

Бир ўғрилик тарихи

Олти ёшли Фу Гуйни 1990 йилда, Хитойнинг Чонцинг шаҳридаги мактабдан қайтаётганида ўғирлаб кетишган. Номаълум кимсалар уни Цюйчжоу округига келтиришган ва асраб олишга розилик берган ота-онасига сотишган. Узоқ йиллар мобайнида болакайнинг ҳақиқий оиласи билан боғланишга имконияти бўлмаган.

Бундай фожеалар Хитойда тез-тез рўй бериб туради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда йилига 10 мингдан 70 минггача бола ўғирланади. Аксарият ҳолларда улар асраб олувчи оилаларга пулланса, қул ёки фоҳиша сифатида ҳам ишлатилади.

Хитойнинг оилаларни бирлаштирувчи энг машҳур жамоатчилик ташкилоти Baby Back Home (Baobeihuiji) деб аталади. Шўрлик ота-оналар ёки ўғирланган бола у ерга сурат жўнатишади, ташкилот эса қидирув билан шуғулланади.

Жараённи тезлаштириш мақсадида Baby Back Home юзни таниб олиш тизимидан фойдалана бошлаган. Фойдаланувчи керакли инсоннинг ёки ўзининг фотосуратини киритса, тизим архивдан иккинчи томон киритган, қидирилаётган инсоннинг ўхшаш фотосуратларини чиқариб берган. Дастлабки икки ҳафта давомида хизматни 20 минг марта гаджетларга юклаб олишган, икки бола эса ота-онасини топган. Тизимнинг битта жузъий камчилиги бор эди — у фақат бир хил ёшдаги кишиларнинг фотосуратларини таққослай оларди.

 

Face++ юз таниб олиш хизматининг иш схемаси.
Baidu фотоси

 

2009 йилда улғайган Фу Гуй ўзининг 10 ёшдаги фотосуратини ташкилот маълумотлар базасига юклайди, бироқ мос келувчи расм топилмайди. 2017 йилнинг мартига келиб, Хитойнинг энг йирик IT-компанияси Baidu юзни таниб олиш тизими Face++ ни Baby Back Home’га янги таклиф этади. Компаниянинг сўзларига ишониладиган бўлса, у фотосуратлардаги мос келишларни 99,77 фоиз эҳтимоллик билан тўғри топади. Ташкилот дарҳол янги технологияга розилик беради.

Бир неча ой илгари Фу Гуйнинг отаси унинг 4 ёшдаги суратини тизимга юклайди. Baidu  сунъий идроки бир инсоннинг олти йил фарқи билан туширилган икки фотосуратини тўғри таққослай олади ва буни отага маълум қилади. 2017 йил баҳорида Фу Гуйнинг ота-онаси ниҳоят ўғлини видеоалоқада кўришади ва у билан учрашишади. ДНК тести ҳам уларнинг қариндош эканлигини тасдиқлаб беради.

Гуй онаси билан видеоалоқа орқали суҳбатлашмоқда.
Baidu
фотоси.

 

Бозорнинг миқёси

Сўнгги бир неча йил ичида юзни таниб олиш технологияси Хитойда кенг тарқалиб, кузатиш тизимларида ўзининг муқим ўрнига эга бўлди. Шунингдек, ундан маиший ҳаётда ҳам фойдаланилмоқда: унинг ёрдамида ҳисобларга карта ва нақд пулсиз кўринишда тўлов қилиш мумкин, турли хизматлардан авторизациядан ўтиш мумкин. Технологиянинг ривожланиб бориш фонида технологияга оид нашрлар хизмат тез фурсатларда полиция, банк, дўконлар ва транспорт инфраструктураси ишини буткул ўзгартириб юборишини таъкидлашмоқда.

Face++ — Хитойдаги юзларни таниб олувчи машҳур дастур бўлиб, унинг қиймати миллиард долларга баҳоланмоқда. Эгасининг бош офиси Пекинда жойлашган. Инсон бу бинога кирганида дастур автоматик равишда унинг юзини 83 та турли позициядан сканерлаб, сўнгра ичкарига киритади.

«Baidu Face++’дан инсонларнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида фойдаланмоқчи. Янги технологиялардан ҳар доим у талаб этилган жойларда фойдалана бошланади,  сўнгра унинг бошқа истиқболлари ҳақида ўйланади ва жамоатчиликка фойдаси баҳоланади», — дейди Baidu компанияси вакили.

Юзни таниб олиш технологияси Хитойнинг бир неча машҳур иловаларида муваффақиятли қўлланилмоқда. Масалан, Alibaba харид тизимига қарашли Alipay тўлов хизматида харидни тасдиқлаш учун фойдаланувчининг юзи сканерланади. Хитойнинг етакчи Didi такси чақириш хизмати ҳам йўловчи буюртмани тасдиқлаши ва ҳайдовчининг профессионал даражасини баҳолаши учун юзни таниб олиш технологиясидан фойдаланмоқда.

 

Пекиндаги технологиялар кўргазмасида юзни таниб олиш хизматини синаб кўраётган қиз.
China Group фотоси

Face++ муаллифларининг фикрича, Ғарб давлатларидагидан фарқли ўлароқ, Хитойда юзни таниб олиш технологиясига катта ишонч билан қарашмоқда. Мамлакатда ҳаттоки фуқаролар фотосуратларининг марказлаштирилган маълумотлар базаси ҳам ташкил этилган, ундан полиция кузатув камералари ёрдамида гумонланувчиларни қидиришда фойдаланади. АҚШда, масалан, бундай йирик маълумотлар базаси йўқ.

Компьютер технологияси соҳаси мутахассиси, Пекин университети доценти Чжанг Шилианг Хитойда юзни таниб олиш технологияси бозори тобора кенгаяётганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, Хитой учун аҳоли зич жойлашган бу давлатда хавфсизликни қўшимча таъминловчи тизимни ривожлантириш жуда муҳим.

 

Аэропорт ва ҳожатхоналардаги сканерлар

Пекиндаги Само Ибодатхонаси сайёҳлик зонасида Face++ тизимидан жамоат ҳожатхоналаридан маҳаллий аҳоли томонидан ҳожатхона қоғози ўғирланишига қарши курашиш учун фойдаланилади. Қоғоз солинган контейнер ҳам мўъжаз камера билан жиҳозланган, у юзни 30 сония сканерлаб, 60 см узунликда қоғоз чиқариб беради. Янги қоғоз олиш учун 9 дақиқа кутиш керак. Хитой ҳукуматининг тасдиқлашича, бундай қурилмалар ўрнатилганидан уч кун ўтгач, жамоат ҳожатхоналарида қоғоз сарфи беш мартага қисқарган.

 

Пекиндаги камера билан жиҳозланган ҳожатхона қоғози чиқариб берувчи контейнер.
BBC фотоси

 

2016 йилнинг ноябридан бошлаб юзни таниб олиш тизими билан Хитойнинг туристик осори-атиқалар ҳудудлари жиҳозлана бошланди: Уларга кириш чоғида одамлар энди чипта ёки гувоҳнома кўрсатишмайди, шунчаки уларнинг юзи сканерланади. Тизим меҳмонхоналарда ҳам шу тариқа ишлайди. Бармоқ изидан фойдаланиш амалиёти жуда ноқулай эди: сканерлар секин ишлар, инсонлардан иборат навбатлар ҳосил бўлар эди. Face++ тизими ундан каррасига яхшироқ ишламоқда. Сканерлаш мобайнида ускуна юзнинг мимикаларини ҳам ҳисобга олади, хуллас камерага фотосуратни тақдим этиб, уни алдаш мумкин эмас.

Тайван ва Ҳонгконг аэропортларида ана шундай юз сканерларидан фойдаланилмоқда. Тизим, агар биометрик паспорти бўлса, 12 ёшдан катта инсонларнинг юзини хотирасига муҳрлаб қолади. Бундай хизматлардан айни дамда Канада, Австралия, Буюк Британия, Япония, Сингапур ва АҚШда фойдаланилмоқда.

 

Университетлардаги сканерлар

Сичуан университетида ўқитувчилардан бири ўз маъруза дарсида талабаларнинг реакциясини кузатиш учун юзни таниб олиш технологиясидан фойдаланиб келмоқда. Дастур ҳар бир талабанинг юз ифодасига кўра, унинг қизиқишининг интерактив графигини қуради. Тизим муаллифининг сўзларига кўра, у талабаларнинг мавзуга жалб қилинганлик даражасини аниқлашда кўмаклашади.

2017 йилнинг апрелида Пекин педагогика университети қизлар ётоқхонасида бегоналарнинг ташрифидан ҳимоялаш мақсадида юзни таниб олиш технологиясини жорий қилади. Агар технология фойдали, деб топилса, уни яна ўнта университетда жорий қилишмоқчи.

Ётоқхонага кириш учун қизлар ўз исм-фамилиясини айтиб, идентификацион картасини кўрсатиб, сканерланиш учун камерага қарашлари керак бўлади. Агар киришга рухсат берилса, тизим: «Уйга хуш келибсиз!» дейди. Ётоқхонадан чиқишда у қизларга доимо гўзал бўлиб юришларини уқтиради. Агар талаба қиз ётоқхонага 24 соатдан ортиқ вақт ичида ташриф буюрмаса, тизим университет раҳбариятини бундан хабардор қилади.

Формал жиҳатдан технология қайддан ўтмаган инсонга ётоқхонага киришни тақиқлай олмайди — у эшикларни ёпиб қўйиши ёки қоидабузарни бошқа йўл билан тўхтатиш имкониятидан маҳрум. Лекин у ётоқхона бўсағасидаги ҳар бир кишини суратга туширади, қоидабузарлик рўй берганида суратини университет қўриқчиларига жўнатади.

 

Кафедаги сканерлар

2017 йил январидан Baidu компанияси KFC тезкор овқатланиш тармоғининг Пекиндаги ресторанлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Реклама экранларига жойлаштирилган юзни таниб олиш тизими ташрифчининг ёши ва кайфиятига қараб таом таклиф қилишга ўргатилмоқда. Хизмат ўртача статистик 20 ёшли йигитга қовурилган картошка, гўштли гамбургер, товуқ қанотчалари ҳамда газланган сув, 50 ёшли аёлга эса бўтқа ва соя сутини таклиф этиши мумкин.

KFC ходими юзни таниб олиш тизими ишини намойиш қилмоқда.
Эми
Ҳоукинс фотоси, The Guardian

 

Британиянинг The Guardian нашри журналисти Эми Ҳоукинс тизим ишлашини синаб кўради ва тизим мижознинг ташқи сифатларига эътибор бермасдан натижа чиқариши, хусусан, баъзан ёшни нотўғри аниқлашини тасдиқлади. Агар таклиф қилинган буюртма мижозни қониқтирмаса, у бошқа вариантни танлаши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, технология мижозга менюнинг қисқартирилган версиясини тақдим этади.

Тизим тўлдириб борилмоқда, шу сабабли ҳозирча афзалликларни эсда яхши сақлаб қола олмаяпти. Айни пайтда ташрифчилар қурилмадан кам фойдаланмоқда ва кассирлар олдида навбатда туришни афзал кўришмоқда, бироқ Baidu келажакда анча самарали технологияни ишга туширишни мўлжалламоқда.

Инсонлар тобора ўзи шахсий ҳудудига дахл қилишларига норози бўлиб бораётган жамиятда Face++’нинг келажаги қандай бўлиши номаълум. 2017 йил 10 майда Норвегия пойтахти Осло шаҳрида маҳаллий пиццахоналардан бирида мижознинг таомлар борасидаги диди ҳақида ахборот тўплай бошлаган мана шундай хизмат туфайли можаро келиб чиққан.

Хитойда ҳам ана шундай можаролар келиб чиқишидан огоҳлантириб, Baidu раҳбарияти йиғилган маълумотлардан мижозларни кузатув остига олиш эмас, фақат компания хизмати самарадорлигини ошириш йўлида фойдаланилишига ишонтирмоқчи бўлаяпти.

The Guardian журналистининг эҳтимолли кузатув ҳақидаги фикрларини билиш учун берган саволига жавобан:  «Хитойда барибир сенда шахсий ҳаёт бўлмайди», — деган Пекиндаги KFC ресторани ташрифчиси.