Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди жума куни шимоли-шарқий Ассам штатида мамлакатдаги энг узун кўприк "Дхола-Садия"нинг очилиш маросимида иштирок этди. Кўприк ҳаттоки танклар ўтишига ҳам бардошли.

Тадбир маҳаллий телевидение орқали жонли эфирда узатилди. Моди ва штат бош вазири Сарбананда Соновал кортежи кўприк орқали ўтди, шундан сўнг мамлакат бош вазири ундан пиёда ҳам юриб ўтган.

"Дхола-Садия" кўпригининг узунлиги 9,15 километрни ташкил қилади, у аввалги рекордчи - Мумбайдаги Ражив Ганди кўпригидан 3,5 километрга узунроқ. Номига кўра, кўприк Дхола аҳоли пункти ва Садия шаҳрини боғлайди. 

Кўприк нафақат Дхола ва Садияни, балки шимоли-шарқий Ассам штатини Аруначал-Прадеш штати билан ҳам бирлаштиради. 

Ҳиндистон ОАВнинг таъкидлашича, кўприкнинг ишга туширилиши армия учун алоҳида аҳамиятга эга, сабаби Ассамдан Хитой билан чегарадош бўлган Аруначал-Парешга пиёда аскарларни юбориш учун кетадиган вақт қисқаради.