Италияда G7 саммити ўз ишини бошлайди

Жаҳон 26 Май 2017 3189
Фото: AFP

Бугун Италиянинг Таормин шаҳрида бошланиши кутилаётган G7 – "Катта еттилик" (дунёнинг энг йирик 7 давлати – АҚШ, Канада, Британия, Франция, Германия, Италия ва Япония) саммити терроризмга қарши кураш масаласи анжуманнинг асосий мавзуларидан бири бўлади. 

Экспертларнинг ишонч билдиришларича, "еттилик" мамлакатлари айни шу масалада ўз қарашларини бирлаштириши мумкин, чунки террорчилик актлари сўнгги йилда сиёсий клубнинг деярли барча аъзоларида амалга оширилди. 

Саммитнинг иккинчи муҳим мавзуси Россия масаласи бўлиши аниқ. Албатта, делегациялар бу ҳақда ошкора сўз юритишни хоҳламаётган бўлса-да, саммит доирасида Россия билан ҳамкорлик ва муносабатлар муҳокама қилинади, деб ёзади РИА Новости. 

Манчестер дастурни ўзгартириб юборди

Фото: Reuters

Форумнинг асосий мавзуси терроризмга қарши кураш масаласи бўлади. Бу "Катта еттилик" саммитлари тарихида илк марта муҳокамага киритилмоқда. Яқинда Манчестерда амалга оширилган қўпорувчилик бунга асос бўлди. Ҳудкуш Салмон Обидий "Манчестер Арена"да қўлбола портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган, оқибатда 22 киши қурбон бўлган, 75 киши яраланган эди. Хунрезлик учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. 

Италиянинг Сицилия оролида бўлиб ўтажак анжуман соҳиби, Италия бош вазири Паоло Джентилони терроризмга қарши кураш бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилиниши зарурлиги ҳақида сўз юритмоқда. 25 май куни поёнига етган НАТО саммитида унинг қўшимча қилишича, Италия Таорминдаги анжуман муҳокамасига экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича декларацияни тақдим этади. 

G7 Research Group мустақил гуруҳи экспертларининг тахминларига кўра, сўнгги вақтларда Европанинг қатор мамлакатларида амалга оширилган терактлар "еттилик" мамлакатларини терроризмга қарши курашдаги ҳамкорлигини фаоллаштиришларига   асос бўлиши мумкин. Шу боисдан, Таорминдаги йиғилиш сўнггида баёнот қабул қилиниши эҳтимол. Шу масала билан бир қаторда ИШИД ва терроризмни молиялаштириш мавзуси ҳам муҳокама қилинади. 

Албатта, Эрон ва Шимолий Кореядаги вазият сиёсатчиларнинг эътиборидан четда қолмайди. Экспертларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ўзи иштирок этадиган учрашувларда ушбу мавзуларни кўтариши аниқ. Бундан ташқари, Пхеньян ядро дастури ва Корея ярим оролидаги вазиятни ҳал этиш Япония учун ҳам муҳим масаладир. Ушбу мамлакат бош вазири Синдзо Абэ саммитнинг шу мавзудаги муҳокамаларига раҳбарлик қилиш истагини билдирди. 

Эълон қилинмаган мавзу

Гарчи, расман эълон қилинмаган бўлса-да, саммитдаги аксар муҳокамаларда Россия масаласи кўриб чиқилиши турган гап. "Россиянинг Украинага агрессияси" ва "Қримнинг қўшиб олиниши", G7 Research Group эксперти, Торонто университети профессори Жон Киртоннинг фикрича, "еттилик" етакчиларига маълум маънода таъсир ўтказмай қолмайди. Унинг айтишича, йирик мамлакатлар бу борадаги баёнотларида "Россия, ниҳоят, санкциялар туфайли тиз чўкишидан аввал ўзини ўнглаб олишига" ишонган ҳолда Украина ҳукуматини жиддий қўллаб-қувватлашларини изҳор қилишади. 

Россия масаласидан ташқари, Болтиқ мамлакатларидаги вазият, Россия билан терроризмга қарши кураш, хусусан, Сурияда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилади. 

"Еттилик" мамлакатлари етакчилари — миграция ва одамлар контрабандасига қарши кураш муаммоларига ҳам эътибор қаратишади. Давлат раҳбарлари Ливия, Сурия ва Африка мамлакатларидан миграция оқимини муҳокама қилишади. Якуний коммюникеда етти давлатнинг бу борадаги қарашлари акс эттирилади.
 
Африка мамлакатларидан миграция сабабларини муҳокама қилишда БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ва Эфиопия, Кения, Нигерия, Нигер ва Тунис давлатлари вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Унда Судан, Нигерия ва Жанубий Сомалидаги очарчилик масалалари, умуман, Африка шарқи ва шимолида озиқ-овқат хавфсизлиги, эпидемияларга қарши кураш масалалари муҳокама қилинади. 

Саммитнинг хуфёна етакчиси

Фото: Reuters

 

25 май куни Форумга тайёргарлик доирасида кўпчилик "еттилик"нинг ёрқин етакчиси ким бўлиши хусусида фикрларини билдиришди. Бу сафарги анжуманда бир неча янги сиёсатчилар ташриф буюраётгани эътиборга олинса, G7 саммитида иштирок этиш бўйича тажрибага эга Германия канцлери Ангела Меркель анжуманнинг эълон қилинмаган "етакчиси" бўлишга ҳақли. Экспертларнинг фикрича, унинг баёнотлари Германияда бўлажак парламент сайловлари олдидан муҳим аҳамият касб этади. 

"Хуфёна етакчи"лардан яна бири Франциянинг янги президенти Эммануэль Макрон бўлиши мумкин. Унинг кўплаб муаммоларга соф ёндашуви "еттилик" етакчиликларининг Франция раҳбари сўзларини диққат билан тинглашга мажбур қилиши эҳтимолдан холи эмас. 

АҚШ президенти Дональд Трамп бу борада ҳозирча имкониятни бой бермоқда. Экспертларга кўра, Оқ уйнинг янги хўжайини камера қаршисида ўзини ҳар доим ишончли тутган, бироқ ҳамкасблари билан бевосита мулоқотларда ўзини йўқотиб қўяди. 

2 мингдан ортиқ журналист

Италиянинг шарқий соҳилларида бўлиб ўтажак саммитни ёритиш учун 2 мингдан ортиқ журналистлар ташриф буюрган. Улар Таормин ва қўшни Джардини-Наксос шаҳрида ташкил этилган 2та матбуот марказида фаолият юритишади. Айтиш жоизки, матбуот ходимларини анжуман ишини ёритишдан ташқари яна бир муаммо ташвишлантирмоқда. Улари ўз вақтида уйларига қайта олиш масаласи ўйлантирмоқда. Гап шундаки, яқин орадаги Катаньи шаҳри аэропортида Италиянинг йирик Alitalia авиакомпанияси ходимлари иш ташлаш ўтказади. 

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 72116 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37430 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21696 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81691 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 62041 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 2045 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 1382 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 1155 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 489 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 853 Маданият
Кўпроқ янгиликлар