Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар томонидан қайд этилган жарималарни 60 кундан ортиқ кун мобайнида тўламаганларнинг умумий миқдори 5872 кишини ташкил этган. Шулардан 3844 нафари жарималарини тўлашган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ташкилий-таҳлил, назорат бўлими бошлиғи подполковник Содиқов Азиз ахборот берди. 

Жарима тўлашга эътиборсизлик қилган 75 кишининг автотранспорт воситаси мажбурий равишда жарима майдонига қўйилган. Унинг сўзларига кўра, қолганлар ҳам жарима борасида эътироз билдиришмаган, аксинча, улар турли ноқулай шароитлар, жумладан моддий етишмовчилик ва эътиборсизлик сабабли жарималарни вақтида тўлай олишмаганини айтишган. Улар яқин муддатларда жарималарни тўлашларини айтишган. 

ЙҲХБ ташкилий-таҳлил, назорат бўлими бошлиғининг айтишича, Тошкент йўлларидаги камераларда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарималарни ундириш қонунга мувофиқ амалга ошириш давом эттирилади. Бунда, Тошкент катта халқа йўли бўйлаб 16та шаҳарга кириш-чиқиш постларидаги ходимлар, қолаверса, шаҳар ичкарисида хизмат вазифасини адо этаётган барча ходимлар жарима тўламаган автомобиллар ҳақида хабардор этилган ва уларни ушлаб, жарима майдонига жойлаш чоралари кўрилади.