Шаҳрисабзда тиббиёт коллежи директори ўринбосари ўқишга киритиб қўйиш учун пора сўради

Жамият 26 Май 2017 8756
Фото: "Кун"

Коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини вақтинча бажариб турган Элмурод Нуралиевнинг оғзини кўпиртириб берган ваъдалари Жарқин Раҳмоновани ўйлантириб қўйди. Айни қабул арафасида Шаҳрисабз тиббиёт коллежига келган қаршилик бу аёлнинг жияни Жамшид ўқиш учун шу коллежга ҳужжат топширмоқчи эди. Э.Нуралиев унга абитуриентларни тайёрлашини, ётоқ жойи харажати 300 минг сўм бўлишини, ўқишга киритиб қўйиши учун эса 1000 АҚШ доллари узатиши лозимлигини айтди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Тиббиёт ходимлари тайёрланадиган қутлуғ даргоҳда ўқитувчи деган номни кўтариб юрган мутасадди одамдан бу ғалати таклифни эшитган Ж.Раҳмонова аввалига ҳайрон бўлди. Унинг бозорда кўтарасига картошка сотаётгандай бемалол ўз “хизмат”ига нарх қўйиши аёлнинг ғашига тегди. Шундай бўлса-да, сир бой бермай, “бозорчи” домла билан “савдолашди”.

-  Салгина камайтиринг...

-  Йўқ, кам бўлмайди, - чўрт кесди домла. – Мен ҳам кимларгадир беришим керак...

Аёл ниҳоят бир қарорга келди.

Орадан икки ҳафтача ўтиб, домлага қўнғироқ қилди-да, айтгани тайёрлаб қўйилганини хабар қилди. Домла унга жияни билан ўзи яшайдиган Қорасув қишлоғига келишни тайинлади.

Қишлоқдаги чойхона ёнида учрашишди. “Музокара” қисқа бўлди. Домла аёлга жиянидан хавотир олмаслигини айтиб, ётоқхонага жойлаштириш учун Жамшиднинг кўрпа-тўшакларини ўзининг “Матиз”ига ортди. Ж.Раҳмоновадан олган 2 млн. 300 минг сўм пулни қора пакетга солиб, орқа ўриндиққа ташлади. Аммо машинага ўтиришга улгурмади. Машина ёнида пайдо бўлган СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари ўзларини таништириб, пулларни тегишли тартибда расмийлаштириб олишди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг ҳукмига кўра, Элмурод Нуралиевга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. Унга бағрикенглик кўрсатилиб, амнистия ҳақидаги қарор шарофати билан тайинланган жазодан озод қилинди. 

Кўпроқ янгиликлар