2017 йил 25 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунида 2 млрд доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битим имзоланди. Бу ҳақида “Кун” мухбири хабар қилади.

Туркия бош вазир ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркешнинг сўзларига кўра, узоқ йиллик танаффусдан сўнг мазкур йиғилишнинг ўтказилиши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат учун кўплаб соҳаларда кенг қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича биргаликда иш олиб боришга имкон беради. 

“Туркия Ўзбекистонни ота юрт, деб ҳисоблайди. Биз Ўзбекистонга яна қисқа вақт ичида қайтишга умид билдирамиз. Бугунги комиссия йиғилишида ижобий ёндошувларни кўриб, мамнун бўлдик. Эндиликда мазкур ҳамкорлик жараёнида қайта хатога йўл қўйиш мумкин эмас. Сиёсий алоқаларнинг ривожланиши иқтисодий муносабатларнинг чуқур илдиз отишига бевосита боғлиқ бўлади. Туркия савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон билан катта лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдириб ўтмоқчиман. Жумладан, Ўзбекистон томонидан Туркиянинг Зироат банки филиалини очиш таклифи маъқулланса, мамлакатга ушбу банк вакилларини чақириб, унинг филиалини очишни мақсад қилганмиз”, - дея таъкидлади Туркия бош вазир ўринбосари.