Ўзбекистонлик журналистлар Хитойда малака оширадиган бўлди

Жамият 26 Май 2017 2170

Яқинда бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон – Хитой иқтисодий муносабатларининг фаол иштирокчиси бўлган Хитойнинг бир неча шаҳар ва компанияларда бўлиб қайтдилар. Сафар давомида улар, шунингдек, Хитой ОАВлари фаолияти билан ҳам танишдилар.

Расмий маълумотларга кўра 2013 йил охирида ХХРда 1915 та газета чоп этилган. Унинг 400 таси партия нашрлари, 300 таси шаҳар ва туман газеталари, қолганлари эса тармоқ ва соҳаларга ихтисослашган. Газета адади жиҳатидан Хитой сўнгги ўн йилларда дунёда биринчи ўринда. Адади энг кўп дунёнинг 100 та газетасининг тўртдан бири Хитойга тегишли эканининг ўзи ҳайратланарлидир. Масалан, “Жимень жибао” уч ярим, унинг “Янгиликлар” иловаси уч миллион нусхада чоп этилади. Бир қанча газеталар аллақачон йирик холдинг компанияларга айланган. “Чэнду кундалик газетаси”, “Чжэцзян кундалик газетаси”, “Гуанджо кундалик газетаси”, “Хэнан кундалик газетаси”, “Дажонг кундалик газетаси” кабилар шулар жумласидандир. ХХР босма нашрлари 2013 йил якунига кўра 77,7 млрд юань (13,1 миллиард доллар) фойда, 8,77 млрд. юань (1,39 миллиард доллар) соф фойда кўрган.

Хитой газетхон мамлакат. Бу ерда унга обуна бўлмаганлар ҳам газета ўқишади. Айнан газеталарнинг янги сони билан танишиш, уни ўқиш учун мамлакатда 16,8 млрд. юань (2,8 миллиард доллар) сарфланиб, 600 мингта махсус газета ўқиш хоналари (кутубхоналар каби) қурилган.

2013 йил расмий маълумотларида мамлакатда радио тўлқинларни 97,8 фоиз, телетасвирларни 98,5 фоиз ҳудудда қабул қилиш имкони мавжудлиги таъкидланади. Телерадио тўлқинларини тарқатувчи 2568 та марказ фаолият кўрсатмоқда.

Хитойда “Синьхуа” ва Chinanews каби қудратли ахборот агентликлари мавжуд. Биргина “Синьхуа” дунёнинг 201 та мамлакатида ўз мухбирлик бўлимларига эга.

1994 йил апрель ойида Хитой оммавий ахборот воситалари сафига расман интернет кириб келди. 2014 йил июнь ойидагина Хитойда 632 миллион киши интернет тармоғидан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Мамлакатнинг энг оммавий “Синьхуа”, people.com.cn, Sina.com, Xinhuanet.com интернет сайтларида бир кеча кундузда турли тилларда 10 мингта янгилик ахбороти тарқатилади. Ҳозирга келиб интернетнинг ижтимоий тармоқларида шахсий кузатув, воқеликка муносабат ва ахборот эълон қилаётганлар сони 275 миллиондан ошган!

Хитой комуннистик партияси мамлакат медиатизимлари ривожланиши учун шароит яратмоқда. 2014 йил 18 августда ХКП Марказий Комитетининг “Анъанавий ва замонавий медиатармоқларини уйғунликда ривожлантириш тўғрисида”ги қароридан сўнг босма ва электрон оммавий ахборот воситалари тузилмалари янги босқичга кўтарилиши кузатилмоқда. Мамлакатнинг барча халқ, миллат ва қавмлари тили ҳамда ёзувидаги матбуот замонавий технологиялар билан таъминланди. Миллий мутахассис – журналистлар тайёрлаш Давлат дастури амалга тадбиқ этилди.

Хитой матбуотининг энг мухим ўзаги бу шубхасиз “Синьхуа” ахборот агентлигидир. Бизни бу ерда самимий кутиб олдилар. Таҳририятлар, мультимедия цехи, тарих музейи, дам олиш акфабоғларигача танишдик. Ҳозирги кунда “Синьхуа” ахборот агентлигида 15 мингдан зиёд ахборот йиғувчи журналист ва муҳаррир ишлар экан. Уларнинг 1500 нафари хориждаги бўлимларда фаолият олиб боради. Агентлик юз фоиз рақамли технологияга ўтган.

- Бизнинг электрон сайтимизга бир кунда 100 миллиондан зиёд ўқувчи киради, - дейди агентлик халқаро ахборот бўлими бошлиғи Тян Ян. – Бундан ташқари, Tviter ва Feysbook’да 14 миллион доимий ўқувчимиз бор. Ҳар ҳафтада 400 минг янги ўқувчи киради, унга.

“Синьхуа” ахборот агентлиги ўз интернет сайтидан ташқари тасарруфида яна бир интернет ахборот тарқатиш сайтини яратди. У Xinhuanet.com деб аталади.

Xinhuanet.com интернет сайти 1997 йилда очилган ва 20 йилда дунёнинг барча мамлакатларида ўқиладиган бўлди. У ўз ахборотини энг оммавий ўнта тилда тарқатади.

Xinhuanet.com интернет сайти информацион технологиянинг сўнгги ютуқларини қўллайди. Унинг бош таҳлил экранида сайт тарқатаётган ахборотни дунёнинг қайси мамлакатида қанча ўқувчи ўқиётгани ёки қайси сайт кўчириб қайта эълон қилаётгани ҳақидаги маълумот кўриниб турар эди.

Сайт таҳририяти бир неча катта-катта залларга жойлашган. Ҳамма бир-бирини кўриб туради. Лекин ҳар бир ижодий ходимга ғоят қулай иш шароити яратилган. Энг қувватли компьютер, ягона локал тармоқ, харакатланувчи кресло, бир ўрин атрофи ойна билан ўралган ярим айлана столли 9 квадрат метрли жой. Об-ҳаво мўътадил. Журналистлар қисқа вақт дам олиши учун юмшоқ мебеллар, бино томида эса сунъий боғ яратилган.

Бизга маълумотлар жойланаётган бош саҳифани кўрсатдилар. Унда матн, фотосуратдан ташқари видеотасвирлар, воқелик анимацияси, харакатдаги схема, диограммалар ҳам бор эди.

- Воқелик ҳақида батафсил маълумот бериш учун дрон (учувчисиз видеоқурилма)лардан фойдаланамиз. Унда олинган тасвирлар матнни тўлдиради. Айтайлик воқеа ер ости шахтаси, сув остида ёки осмонда рўй берган. Унда биз ахборот муҳимлигини эътиборга олиб компьютерларда воқеликни “тикловчи” анимацион тасвир яратамиз. Бу усул ҳам ўқувчиларни кенгроқ жалб этиш имконини бермоқда, - дейди Xinhuanet.com сайти бош директори Хиа Хиапенг.

Сайт таҳририятида телестудия ҳам бор экан. Машҳур инсонлар билан суҳбатлар, муҳим воқеликка шарҳ шу ерда жонли тасвирга туширилиб сайтга жойланар эди.

Xinhuanet.com сайтида ахборот излаш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан 1700 ходим шуғулланади. Хитойнинг 31 та провинциясида ўз бўлимлари бор. Бельгияда Европа бўлими очилган. Энди Америка, Африка ва Осиёда ҳам шундай бўлим очиляпти.

- Буюк Британиянинг “Телеграф”, Қирғизистоннинг “Хабар” ахборот агентликлари билан ахборот алмашув шартномалари тузганмиз. Ўзбекистоннинг ЎзА миллий ахборот агентлиги билан ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз, - дейди Хиа Хиапенг.

Xinhuanet.com сайти оммавийлиги кундан кун ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам у ўз акцияларини Шанхай биржасига қўйган.

Шеньчжен сафари чоғида биз унинг ОАВ фаолияти билан ҳам танишдик. Бу ерда электрон ОАВни Shenzhen Media Group бирлаштирган бўлиб, унинг таркибида 11 та телеканал, 4 та радиостанция ва киностудия фаолият олиб боради. Shenzhen Press Group медиахолдинг компанияси эса 10 та газета, 5 та журнал ва 10 та интернет сайт хамда нашриёт-матбаа уйига эга.

Таҳририятимизда 150 та ижодий ва техник ходим ишлайди. Уларнинг 100 нафари ахборот йиғувчи журналист, 30 нафари эса муҳаррирлардир, - дейди кундалик “Шеньчжен иқтисодий газетаси” бош муҳаррири Чжоу Пинь. –Биз иқтисодий алоқалар туфайлигина Ўзбекистон ҳақида биламиз. Сизларнинг компаниямизга ташрифингиз келгусида ахборот ва тажриба алмашувлар ташкил этишга эшик очса ажаб эмас.

Хитойлик хамкасбларимиз сўзларидан шу нарсани англадик-ки, Ўзбекистонга қизиқиш жуда катта.

- Ўзбекистон Маркази Осиё иқтисодиётида етакчи давлат сифатида ўрин тутади. У жуда тез суръатлар билан ривожланиб бораётгани эътиборлидир. Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида сўзлаган нутқини ўқувчиларимиз қизиқиш билан қарши олдилар, - дейда “Шеньчжен Daily” газетаси бош муҳаррири Дун Хайтао. – Буюк ипак йўлининг кайта тикланиши, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бизнинг муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.

Ҳамкасбларимиз билан журналистика муаммолари ҳақида хам фикр алмашиб баҳслашдик. 24 саҳифада, рангли ҳар куни чоп этиладиган “Шеньчжен иқтисодий газетаси” таҳририяти шаҳар марказидаги энг муҳташам осмонўпар бинолардан бирида жойлашган экан. Газета Шеньчжен иқтисодий ривожланиш дастурини амалга оширишда катта роль ўйнаган. У ватанпарварлик руҳидаги чақириқлари билан халқда бирдамлик, фидойилик шакилланишига ҳисса қўшган. Таҳририят музейида унинг биринчи сони чоп этилган 1981 йил 6 июндан то шу кунгача босиб ўтган йўли акс этган. Журналистлар меҳнатига эътибор ҳам муносиб эди. Фотолавҳаларда “Шеньчжен иқтисодий газетаси” таҳририятига йиллар давомида мамлакатнинг бир неча биринчи раҳбарлари ташриф буюргани акс этган.

Шеньчженда яна бир ибратли тажрибани ўргандик. Газеталар ўз соф даромадини ижтимоий лойиҳаларга йўналтирар экан. Масалан, шу йилнинг ўзида “Шеньчжен иқтисодий газетаси” кам таъминланган оила болаларини ўқиш машғулотлари учун мебель ва компьютерлар билан таъминлаш, спорт иншоотлари қуриш, иқтидорли талабаларга мамлакат бўйлаб саёҳат уюштириш каби лойиҳаларни амалга оширган.

Касбимиз тақозоси, биз Харбиндаги ОАВ билан ҳам танишдик. Бу шаҳар 1890 йилларда Шарқий Хитой темир йўли қурилиши даврида пайдо бўлган. Ўша йиллардан шаҳарда рус тилидаги газета-журналлар чоп этиш анъанаси қолган. “Партнер” журнали уларнинг бири. Таҳририятда бўлган учрашув чоғида журнал бошқарувчи директори Фан Жуйхэ бизга унинг тарихи, тарқатилиш макони, ютуқ ва муаммолари ҳақида гапириб берди.

– “Партнер”, асосан, Хитойдаги русийзабон халқлар ва россиялик ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, ҳар ойда 20-40 минг тиражда чоп этилади, - дейди Фан Жуйхэ. - Биз ноширликдан ташқари рус тили билимдонлари танловини ўтказамиз, тил ўрганиш жамоатчилик ўқув курсларимиз ҳам бор.

Харбин босма нашрлар корпорациясида бизни унинг раҳбари Ху Минхиао кутиб олди. 6 та кундалик, 2 та хафталик газеталар ва 2 та ойлик журнал, интернет сайт ва нашриёт матбаа корхонасини ўз ичига олган экан. Хитойлик ҳамкасбларимиз интернет туфайли ададлар қисқариши натижасида соф даромад йилдан-йилга камайиб бораётганидан нолидилар.

- Агар корпорациянинг 2014 йилги даромади 600 миллион юань (90 миллион доллар) бўлса, 2016 йил якунига келиб у 200 миллион юанга (30 миллион доллар) тушиб қолди, - дейди Ху Минхиао. – Биз асосий эътиборни тиражни сақлаб қолишга қаратмоқдамиз. Ҳар бир газетанинг ўз мобил иловаси бор. Унда биз қисқа ахборот бера туриб, уни қизиқарли далиллар эълон қилинадиган жойида тўхтатамиз. Мобил илова ўқувчиси энди воқеликнинг тафсилоти ёки натижасини билиш учун газетани очиб ўқиши лозим бўлади. Бу хам таҳририят ички сиёсатининг бир йўналишидир.

Ўзбекистон гўзал диёр эканини биламиз. Орзуим бу юртни бир бор кўриш. Балким сиз, ҳамкасблар менга ёрдам берарсизлар?

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона ва Самарқанд вилояти бўлимлари ҳамда “Ўзекистон овози” – “Голос Узбекистана” бирлашган тахририяти саккиз – ўн нафардан журналистларни ўзаро тажриба алмашув учун Харбин ва Ўзбекистонга юбориш ҳақида келишув тузидилар. Дастлаб харбинлик журналистлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида ташриф буюрадиган, сентябрь – октябрь ойларида эса жавоб сафари уюштириладиган бўлди.

Ўзбекистон – Хитой сиёсий, иқтисодий муносабатлари юксак даражада шакилланди. Энди уни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва ижодий ҳамкорликни ташкил этишда биз журналистлар, журналистик ташкилотлар ҳам жонбозлик кўрсатишимиз лозим.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар:

Сафар Остонов,

Мухаммаджон Обидов.

Тошкент – Пекин - Шеньчжен – Харбин.

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14413 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68199 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37096 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 614 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1015 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1590 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1608 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар