26 май куни Чили президенти Мишель Бачелет томонидан мамлакатда дунёдаги энг катта телескоп қурилишига старт берилди. Қуёш тизимидан ташқарида жойлашган сайёралар – экзосайёраларни аниқлашга мўлжалланган қурилма "Европанинг ўта катта телескопи" (European Extremely Large Telescope, EELT) деб номланган ва Чилининг Атакама чўлида 2024 йилгача қуриб битказилади.

1 млрд долларлик қурилма 5 та сегментли ойна билан жиҳозланади. Ойналардан энг каттасининг диаметри 39 метрни ташкил қилади ва диаметри 1,4 метрли деярли 800 та олтибурчакли ойнадан ташкил топади.     

Лойиҳани молиялаштираётган ва таркибига Европанинг 13 та давлати, Бразилия ва Чили кирувчи халқаро тадқиқот ташкилоти – Европа жанубий обсерваторияси маълумотларига кўра, телескопнинг айланувчи гумбази майдони деярли футбол майдонига (диаметри 86 метр) тенг бўлади. Қурилманинг умумий оғирлиги 5 минг тоннани ташкил қилади.   

Бугунги кунда Атакама чўлида Атакама катта радиотелескопи фаолият юритади. Денгиз сатҳидан 2,4 минг метр баландликда жойлашган Ла-Силья астрономик обсерваториясида ҳаммаси бўлиб 18 та телескоп бор бўлиб, улардан ярми Европа жанубий обсерваторияси маблағларига қурилган.