Филиппиннинг Минданао оролидаги Марави шаҳрида ҳарбийлар жангариларга қарши аксилтеррорчилик операцияси ўтказмоқдалар.

Армия кўча жанглари олиб бормоқда, бунинг оқибатида 40 дан кўпроқ одам ҳалок бўлди, улардан 31 нафари террорчилардир. Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳарбийлардан 11 киши ҳалок бўлган. Ҳукумат кучлари жангарилар билан музокаралар ўтказмоқчи эмас. 

Бу орада диндорлар ҳалок бўлаётгани ва улар гаровга олингани маълум қилинмоқда. Епископ Эдвин де ла Пеньянинг айтишича, Маравида жангарилар томонидан асирга олинган икки нафар католик руҳонийси ва 15 нафар диндор ҳукумат кучлари билан тўқнашувларда "тирик қалқон" сифатида қўлланишлари мумкин.

Епископнинг айтишича, шаҳарда 10 нафар католик ўлдирилган. Уларни кўчада тўхтатиб, оёқ-қўлларини боғлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб отиб ташлашган. "Бу қонхўр экстремистлардир, биз улар нима истаётганларини билмаймиз. Тақдиримиз Тангри қўлларида", деб айтган руҳоний.  

Бир неча кун аввал Марави ИШИД билан алоқадор "Мауте" террорчилик гуруҳининг 500 жангариси томондан босиб олинганди. Террорчилар католик черковга бостириб кириб,  епископ ёрдамчиси ва диндорларни қўлга олиб, черковга ўт қўйишган. Жангарилар уйларда ИШИД байроқларини илиб чиқишган, шунингдек иккита мактабга ўт қўйишган ва турмадан маҳбусларни қўйиб юборишган. 200 минг кишилик шаҳар аҳолисининг аксарияти шаҳарни тарк этишга улгурган.   

Мамлакат президенти Родриго Дутерте Минданаода ҳарбий ҳолатни киритишга кўрсатма берган. Дутерте жангарилар ҳужуми сабабли Россияга сафарини муддатдан олдин тугатишига тўғри келган.