Ғазо секторида гуманитар фалокат юз бериши мумкин, деб хабар берди Der Spiegel.

Бу ҳақда БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида маълум қилган.

Гап шундаки, Ғазо секторига тахминан 30 фоиз электр қувватини етказиб берган электростанция апрелда ишлашни тўхтатди, сабаби Фаластин ва Хамас раҳбарияти ўртасида солиқ солиниши масаласида қарама-қаршилик бор эди.

Бугунги кунда Ғазо секторида яшовчи фаластинликлар бир кунда фақатгина тўрт соат электр қувватидан фойдаланиши мумкин.

Исроилдан эса доимий электр қуввати оқими келмоқда (Ғазодаги барча электрнинг 60 фоизи).

Бироқ, Младеновнинг сўзларига кўра, Фаластин ҳукумати Исроилдан Ғазо учун электр қувватини харид қилишни чеклаб қўйиши мумкин.

«Агарда бу рўй берса, аҳолига ҳақиқий гуманитар фалокат хавф солади: одамлар электр қувватидан кунига икки соатдан кўп фойдалана олмайди», - дея таъкидлаб ўтган махсус вакил. У Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини вазиятни яхшилаш бўйича тезкор чоралар кўришга чақирди.