Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳри ўрта поғона суди Тяньцзин шаҳрининг Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгаши раисининг собиқ ўринбосари, шаҳарнинг жамоат хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи У Чаншунни ижро этилиши икки йил ортга суриладиган ўлим жазосига ва шахсий мулкини мусодара қилишга маҳкум қилди. Sina ахборот порталининг маълум қилишича, у умумий қиймати 80 млн долларлик коррупция жиноятларида айбдор деб топилган.

Чиқарилган ҳукмга кўра, У Чаншунь умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилинди. Агар икки йил ўтиб, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилса, У Чаншунга чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолади ва у шартли-муддатдан аввал озодликка чиқиш юзасидан ариза бера олмайди. 

Суд айбланувчини давлат маблағларини ўзлаштириш ва сарфлаб юбориш, пора олиш, ўз манфаатлари йўлида қонунни писанд қилмаслик ва ўз хизмат ваколатидан шахсий мақсадларда фойдаланишда айбдор деб топди.

Суд материалларига кўра, судланувчи турли давлат лавозимларини эгаллаган вақтда ўзининг назоратидаги компаниялар орқали 342 млн юань (49,8 млн доллар) миқдоридаги давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштирган. У, шунингдек, шахсий мақсадларда 101 млн юань (14,7 млн доллар) давлат маблағларини ишлатиб юборишда айбдор деб топилди. Бундан ташқари, Чаншунь турли идоралар ва бошқармалардаги мутасадди шахсларга пора берган. 

Таъкидланишича, У Чаншунь тергов билан фаол ҳамкорлик қилган ҳамда бошқа жиноятларнинг очилишига ёрдам берган кўрсатмалар берган. У суд залида ҳукмга розилигини ва суд қарори устидан шикоят қилиш ниятида эмаслигини айтган.