Қашқадарёда фермер хўжалиги ерларини сотиб юборган шахс жазога тортилди

Жамият 27 Май 2017 8307

Қамаши туманидаги “Очил ўғли Эшбой” фермер хўжалигининг 17 гектар ер майдони бошқа фермерларга берилди-ю, хўжаликда иш юритувчи бўлиб ишлаган Ўрол Пардаевнинг ҳаловати бузилди. Албатта, бу бежиз эмас эди...

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Ў.Пардаев хўжаликка иш юритувчи бўлгач, эътиборни хўжаликни ривожлантиришга эмас, балки лавозимидан фойдаланиб, шахсий мақсадлари учун даромад топишга қаратди.

Хўжалик ерлари анча унумдор, бунинг устига сувли ерлар ҳисобланади. Табиийки, бундай ерга талабгорлар кўп. Айниқса, ана шундай жойдан томорқа участкаси олишни хоҳлайдиганлар истаганча топилади. Ўрол Пардаев буни билиб, турар жой ва томорқа учун ер сотилаётгани ҳақида атайин қишлоқда миш-миш тарқатди. Кўп ўтмай, фуқаро Қудрат Холмуродов биринчи харидорга айланди. Ў.Пардаев ўйлаб ўтирмасдан, унга бир гектар ерни 12 миллион сўмга сотиб юборди. Қ.Холмуродов ҳужжат ишлари хусусида сўз очганида, иш юритувчи туман ҳокимлигида мансабдор танишларини борлигини, улар орқали ерни ҳужжатлаштириб беришини билдирди.

Қ.Холмуродов унинг гапи билан ажратилган ер майдонига ҳовли-жой қурди. Ҳудудни девор билан ўраб олиб, деҳқончилик қила бошлади. Бу пайтда Ў.Пардаев қолган ерга харидор излаш билан банд бўлди.

Омондавлат Жонқувватов ҳам боғдорчилик билан шуғулланиш мақсадида ер излаб юрганди. Ў.Пардаев ер сотаётганлиги хусусида эшитиб, 2016 йилнинг февраль ойида унинг ёнига борди. Мақсадини тушунтириб, ер сўради.

-  Ҳарҳолда ҳамқишлоқмиз, сизни алдамайман. Истаган жойингиздан ер ажратиб бераман, - деди Ў.Пардаев фермер хўжалиги ерларини кўрсатиб.

-  Нархи қанча бўлади? – О.Жонқувватов гарчи нарх-наво ҳақида одамлардан эшитган бўлса-да, аниқлаштириб олиш мақсадида яна сўрашдан эринмади.

-  Эл қатори бераверасиз. Яъни гектари 12 миллион сўм бўлади. Ҳужжатлари масаласида кўнглингиз хотиржам бўлсин, уларни ўзим расмийлаштириб бераман.

О.Жонқувватов рози бўлиб, пулини сал кейинроқ бериш шарти билан ишни бошлади. Иш юритувчи унга шудгорланган ердан бир гектар майдонни ажратиб берди. У эса бу ерга беда экди.

Кўп ўтмай, ишлар тескарисига айланиб кетди. Фермер хўжалиги тугатилиб, унга тегишли бўлган ер майдони туман ҳокимлигининг захира ер фонди ҳисобига ўтказилди. Аслида эса мазкур фермер хўжалиги сал аввал тугатилган бўлиб, унинг ер майдони туман ҳокимининг 2015 йил 18 ноябрдаги қарори билан “Даштобод зарбдори” фермер хўжалиги ихтиёрига ўтказилганди. Эндиликда иш юритувчи сотган ерлар ҳам янги хўжаликка тегишли эди. О.Жонқувватов буни билгач, ерни сотиб олишдан воз кечди. Ў.Пардаевнинг пайтавасига қурт тушди. Бир томондан яхшигина даромаддан айрилганига хуноб бўлса, бошқа томондан сотиб юборилган ерлар билан боғлиқ юзага келадиган муаммолар хавотирини оширди. Жим турса бошига ғалвалар тушиши, жинояти фош бўлиши шубҳасиз. Энди нима қилиш керак?

Ўрол Пардаев суриштириб, ернинг янги эгаси “Даштобод зарбдори” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Эшқуватов эканлигини аниқлади. Кейин З.Эшқуватовга учрашиб, ундан одамларга сотган ерларига тегинмаслигини, экин экмаслигини сўради. Аммо фермер бундай қила олмаслигини, чунки ер майдонига чигит экиш учун шартнома тузиб қўйганлигини тушунтирди.

-  Огоҳлантириб қўяй, агар мен сотган ерга экин экадиган бўлсанг, сенинг ҳам, отангнинг ҳам устидан ёзиб, шармандаларингни чиқараман, - Ў.Пардаев таҳдид қилиб, уни фикридан қайтаришга уринди.

З.Эшқуватов фермерлик нима эканлигини, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши биларди. Шу сабабли таҳдидларга парво қилмай, ерни шудгорлаб ташлади. Ў.Пардаев бўлса “яхши гапга кўнмаган” фермернинг устидан турли идораларга шикоят хатлар ёзишга тушди. Ёлғон ва туҳматлардан иборат мурожаатлар тегишли идоралар томонидан бир неча бор текширилди. Бироқ Ў.Пардаев ёзишдан тўхтамади.

-  Айтганимга кўнмасанг, устингдан ёзавераман. Яхшиси сотган ерларимдан қўлингни торт. Ана шунда даъвоим йўқлиги тўғрисида ариза ёзишим мумкин.

З.Эшқуватов дағдағалардан чўчимай, ишлашда давом этди. Бу орада ерни сотиб олганлар ўз розилиги билан қайтариб беришди. Аммо Ў.Пардаев отдан тушса ҳам, эгардан тушмай тураверди. Шикоят устига шикоят ёзиб, одамларнинг тинчини бузди.

Ҳар бир ишнинг охири бўлади. Мазкур можаролар судга қадар етиб борди. Шундан сўнг Ў.Пардаевнинг ақли жойига тушди. Аммо энди кеч бўлганди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан Ўрол Пардаевга қилмиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг 55 баравари миқдорида жарима ва 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Кўпроқ янгиликлар