Кўзи ожизлар босмахонаси муаммосини ким ҳал этади?

Жамият 27 Май 2017 9618

Ўзбекистон мустақилликка эришибдики, мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган тарзда олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ҳукумат эътиборидан четда қолаётгани йўқ, аксинча жиддий тарзда қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, республикада аҳолининг ожиз қатлами, ногиронлар муаммолари билан шуғулланиш ҳам йўлга қўйилган. Бу қатлам орасида, албатта, кўзи ожизлар, кўра олмайдиганлар алоҳида ўрин тутади.  Бугунги кунда Ўзбекистонда 12та кўзи ожизлар учун мактаблар фаолият юритади, унда 2 мингдан ортиқ ногирон ўқувчилар таълим олади. Бундан ташқари, талабалар, 70 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаролар бор. Уларни бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти фаолият юритади. Жамият қошида турли ишлаб чиқариш бирлашмалари мавжудлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. 

Аҳолининг ушбу қатламининг таълим олиши, уларнинг китобга бўлган эҳтиёжларини Ўзбекистон Кўзи ожизлар босмахонаси таъминлайди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу босмахонада малакали мутахассислар фаолият кўрсатади. У МДҲда бўлиб ўтган 2-Китоб санъати халқаро танловида Қуръони Каримнинг кўзи ожизлар учун махсус китобини нашрдан чиқаргани учун 2-даражали диплом билан тақдирланган. 21-асрда дунёда биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг кўзи ожизлар учун нусхаси нашр этилгани Ўзбекистонни дунёга танитишда ёрдам берди. Кувайт ҳукумати ҳомийлигида нашр этилган муқаддас Китоб нусхаси Англия қироллик кутубхонасига ҳам қўйилган. Бундан ташқари, республикада ўтказиладиган ижтимоий жараёнлар, хусусан, сайловлар чоғида Брайл ёзувидаги сайлов бюллетенлари ҳам айни босмахонада ишлаб чиқилади.  

Аммо, май ойининг охирларида ушбу нашриёт жиддий муаммога дуч келди. Гап шундаки, ҳамма машмаша Тошкент шаҳри ҳокимининг 2017 йил 3 майдаги 543-сонли “Шаҳар Ички ишлар бўлимларини жойлаштириш тўғрисида”ги қароридан сўнг бошланди. 

Шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов имзоси билан чиқарилган қарорнинг 2-моддасида “Туман ҳокимликлари Бинолардан фойдаланиш департаменти (Ф.Мирҳайдаров) иловага мувофиқ объектларнинг балансда сақловчилари билан биргаликда объектларни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси балансига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида топширилиши таъминлансин” дейилади. 

Ушбу қарор иловасида Тошкент шаҳри ИИББ балансига ўтказилаётган барча бинолар манзили, бинонинг тўлиқ ёки қисман ўтказилиши бўйича қайд этилган бўлиб, Шайхонтоҳур туманида Кирки кўчаси 32-уй манзили тўлиғича кўрсатилган. Аслида Шайхонтоҳур тумани Ўзгариш кўчаси Кирки тор кўчаси 32-уй манзили қарорда ўзгариб кетгани бошқа масала. Хуллас, иловага мувофиқ, мазкур манзилдаги асосий (2та) ва ёрдамчи бинолар бўш тургандек таассурот уйғотади. Яъни унга кўра, айни нашриёт жойлашган ҳудуд, ундаги асосий ва ёрдамчи биноларда ҳеч қандай ташкилот мавжуд эмас. Иловада мазкур манзил бўйича Кўзи ожизлар жамиятининг нашриёти жойлашгани қайд этилмаган. 

Ўзбекистон Республикаси “Кўзи ожизлар” босмахонаси бош муҳаррири Рихсивой Аббосхоновга кўра, буни ҳам қабул қилиш мумкин. Бироқ, 2017 йил 20 май куни Шайхонтоҳур тумани ҳоким ўринбосари 10 нафар ички ишлар идоралари ходимлари билан мазкур қарор ижроси юзасидан келишганини айтган. Энг қизиқ томони нашриёт раҳбарияти Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан ўша куни Шайхонтоҳур тумани ҳокими ўринбосари воситасида хабардор бўлган. Аниқроқ айтилганда, қарор нусхаси нашриётга аввалроқ тақдим этилмаган. 

Шу сабабли, нашриёт бош муҳаррири Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “1007” рақамли ишонч телефонига оғзаки мурожаат қилиб,  туман ҳокимлик вакилларининг огоҳлантирмасдан келганлари етмаганидек, бинода фаолият юритаётган тадбиркорларга ишлаб чиқаришларини бошқа жойга кўчиришда муддат тақдим этмагани, ижара шартномасига эътибор бермагани юзасидан шикоят қилган ва ушбу можарода ҳақ-ноҳақни аниқлаш юзасидан амалий ёрдам беришни сўраган.

Бош прокуратура ишонч телефони орқали қабул қилиб олган мурожаатни Тошкент шаҳар прокуратурасига, у эса ўрганиб чиқиш учун Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига туширган. Босмахона ва ундаги тадбиркорларни ҳимоя қилиши керак бўлган туман прокуратурасида бу масала билан шуғулланиш туман прокурорининг ўринбосарига юклангани, у ушбу мурожаатни ўрганиб чиқишни ўз ёрдамчиларига топширгани эса Аббосхоновнинг ҳуқуқ идораларига нисбатан ҳафсаласини пир қилган. Прокурор ёрдамчилари босмахона бош муҳарриридан муаммо хусусида тўлиқ маълумот олишган ва айни вақтда у ўрганиш босқичида. Аббосхоновнинг айтишича, у юқори турувчи идора устидан ундан юқорироқдаги ташкилотга мурожаат қилган бўлса-да, алалоқибат, мазкур муаммо туман даражасида кўриб чиқилаётганидан қониқиш ҳосил қилмаган. Чунки, “шаҳар ҳокими буйруғини ҳеч бўлмаганда шаҳар прокуратураси ўрганиб чиқиши керак эмасми”, - дейди Аббосхонов.  

Ачинарлиси шундаки, Аббосхоновга кўра, нашриётнинг айни вақтда ички ишлар идоралари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилаётган биносида 4 нафар тадбиркорлик субъекти (3та мебель ишлаб чиқариш, битта пойабзал цехи) фаолият кўрсатиб келган. Улар бу бинода ижара шартнома асосида фаолият юритиши баробарида ижара пулларини олдиндан 6 ой ва 1 йил муддатга тўлаб қўйган бўлган. Туман ҳокимлиги вакиллари эса, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз келганларига қарамай, шу куннинг ўзида тадбиркорларни бинодан чиқариб юбориб, таъмирлаш ишларини бошлаб юборган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Кун.uz сайтининг мухбири 26 май куни босмахона ҳудудига борганида таъмирлаш ишлари махсус рухсатномасиз олиб борилаётганига гувоҳ бўлди.

Агар республикадаги ўз йўналишида ягона бўлган, ногиронлар учун махсус матбаачилик корхонаси ёпиладиган бўлса, мақола бошида сўз юритганимиз 2 минг ногирон ўқувчиларнинг таълим олиши, 70 минг кўзи ожиз фуқароларнинг (улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари ахир) китобларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш сўроқ остида қолади. Аббосхоновнинг сўзларига кўра, аслида, нашриётнинг ҳозирги ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди. Яъни бугунги кундаги услубда ишлаш билан 15-18 номдаги дарсликлар босмахонадан чиқарилади. 

Ўзбекистон Республикаси “Кўзи ожизлар” босмахонаси бош муҳаррири Рихсивой Аббосхоновнинг хавотир олишича, Тошкент шаҳар ҳоким қарори босмахона борлиги қайд этилмаган 32-уй Тошкент шаҳар ИИББ балансига ўтказилиши билан кейинчалик ушбу босмахона фаолияти тугатилишига асос бўлиши мумкинлигидадир. 

“Ойлаб пенсия, маош олмаган вақтларимиз ҳам бўлди. Бироқ, моддий қийинчиликларга қарамай, ўзимизга ўхшаган кўзи ожиз ногирон ака-укаларимиз, опа-сингилларимизга маънавий озуқа бериш учун шу ерда қолганмиз”, - дейди куюнчаклик билан ўз соҳасининг мутахассиси ҳисобланган, ушбу даргоҳга 20 йилдан ортиқ меҳнати синган, оддий ҳарф терувчиликдан бош муҳаррирлик лавозимигача кўтарилган Рихсивой Аббосхонов. 

Тушунишимизча, ҳокимият вакиллари, айниқса, шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, ушбу манзилда шундай босмахона борлигидан хабардор бўлганида бу қарорга ўзгартириш киритган бўлар эди. Чунки, юқорида таъкидланганидек, иловада Кирки кўчаси 32-уй манзилида бирор ташкилот қайд этилмагани тушунмовчиликка олиб келган кўринади. Ўйлаймизки, мутасадди идоралар бу масалага тез орада ойдинлик киритишади. 

Кун.uz сайти таҳририяти эса, ушбу можаро тезда ижобий ҳал этилишига ишониб қолади.

Толиб Рахматов

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 51801 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 16199 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 98703 Ўзбекистон
БМТ бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши Барселонадаги терактни қоралаб чиқди
10:11 16 Жаҳон
Америкалик конгрессмен КХДРга қарши кенг кўламли киберҳужумни амалга оширишга чақирди
10:09 23 Жаҳон
Бемор арз қилишига нима сабаб бўлди?
62 ёшли эркак дунёнинг энг узун дарёларини сузиб ўтиб рекорд ўрнатди 
10:06 191 Жамият
Хитойда биринчи интернет-суд очилди
10:03 155 Жаҳон
БМТ: Испания қочқинлар билан ишлаш учун етарли манбага эга эмас
10:00 81 Жаҳон
Европа лигаси. «Милан» македонларга 6та гол урди, «Марсель» Слования клубини енга олмади ва бошқа натижалар
09:58 250 Спорт
Кўпроқ янгиликлар