Россия президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилган.

Таъкидланишича, суҳбат чоғида етакчилар икки давлатнинг стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш ниятида эканликларини тасдиқлашган. Бундан ташқари, томонлар Суриядаги вазиятни муҳокама қилишди.

«Сурия инқирозини муҳокама қилиш чоғида Сурия Араб Республикасида ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудудларни яратиш ҳақидаги Меморандумни қўллаш муҳимлиги айтилди. Бу жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимини мустаҳкамлаш, Женева ва Остона шаклларидаги Сурия бўйича музокаралар самарадорлигини ошириш имконини беради», - дейилади хабарда.