Бир гуруҳ қуролланган кимсалар Ливия пойтахти Триполининг жанубий қисмида жойлашган, мамлакатнинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафий вақтидаги амалдорлар сақланадиган турмани босиб олишди. Бу ҳақда "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Турма қўриқчилари миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватловчи қуролланган одамлар турмага ҳужум қилгандан кейин чекинишга мажбур бўлганлар. Ҳужум оқибатида икки қўриқчи ҳалок бўлган.  

Ливияда икки ҳокимиятлилик ҳукм сурмоқда – мамлакатнинг шарқидаги Тобрук шаҳрида халқ томондан сайланган парламент, Триполи ғарбида БМТ ва Европа кўмаги билан шакллантирилган, Фаёз Саррож бошчилигидаги миллий келишув ҳукумати ҳукмронлик қилмоқда. 

Тобрукдаги ҳокимият Триполидан мустақил равишда ҳаракат қилади ва маршал Ҳалиф Хафтар бошчилигидаги миллий армия билан ҳамкорлик қилади. Бу армия жангарилар билан курашиб келмоқда.