Ислоҳотларни, янгиланишни олқишлаш билан биргаликда ҳар биримиз мавжуд ҳолатимизнинг таҳлилини қилишимиз ҳамда эртанги кунимизнинг режасини тузиш борасида фикр юритмоғимиз фойдадан холи эмас. Зеро, кўпчилик бўлиб пухта тузилган режа ҳаракатларнинг самарали бўлиши учун муҳим омилдир. Қуйидагини шу рукндаги уриниш, деб билгайсизлар.

Биринчи қисм. Тили бор рақамлар

Бир нечта рақамлар борки, улар бизга мавжуд ҳолатимизни яхшигина тасвирлаб беришга қодир. Уларга бир қараб нафақат мавжуд ҳолатни, балки нима қилсак қисқа даврда жадал равишда ривожланиб олишимиз мумкинлигини ҳам англаб етамиз. Шундай рақамлардан баъзиларини тилга оламиз:

4,4 миллион гектар

Бу рақам — мамлакатимизда мавжуд бўлган суғориладиган ерлар ҳажми. Ҳозирда улар фермер хўжаликларига берилган. Бу рақам бизга нималарни «айтиб бериши» мумкинлигини кейинги рақамларга қараб билиб оламиз.

2,3 миллион

Бу рақам — биргина Россия Федерациясида ишлаб юрган ўзбекистонликларнинг расмий рўйхатга олинган сони. Бошқа хабарларга кўра, бу сон 4 миллиондан зиёд.

Қўшимча қилиб шуни айтиш керакки, уларнинг асосий қисмини қишлоқ фарзандлари, яъни аксар ерда ишлашни яхши кўрадиган йигитлар ташкил этган бўлиб, иш йўқлигидан четда ишлашга мажбур бўлмоқдалар.

22 миллард доллар

Бу рақамнинг мамлакатимизга алоқаси йўқдек, аммо уни ҳам келтирамиз. Бу рақам биргина Россия Федерациясида ҳозирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидаги йиллик етишмовчиликни билдиради. Маълум воқеалардан сўнг, бу мамлакатга нисбатан ғарб давлатлари томонидан иқтисодий чоралар кўрилиб, етишмовчилик шу даражага етди.

Нега айнан бу учта рақам келтирилгани барчамизга тушунарли, деб мулоҳаза қиламиз-да, давом этамиз.

Энди бу рақамларга қараб енгил таҳлилни амалга оширсак бўлади. Хўш, нималарни билиб олдик?

Биринчидан. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун яроқли бўлган ерларимиз анчайин кўп эканлигини. Буни яхшироқ англашимиз учун яна битта рақам келтирамиз — 300 минг гектар. Бу рақам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўп давлатларга экспортини йўлга қўйган давлат — Исроил давлатининг суғориладиган ерлари ҳажмини билдиради. Таққослаймиз. 4.400.000 гектар бизда — 300.000 гектар Исроилда.

Иккинчидан. Ерни обод қилишни эплайдиган, ерда ишлаш асносида бой-бадавлат яшашни истайдиган, аммо ҳозирда ўзга бир катта давлатнинг иқтисодиётини оёққа турғазишга сезиларли ҳисса қўшиб келаётган «бир армия» одамимиз борлигини билдик. Шу «армия»мизнинг меҳнати эвазига ўша катта давлатда кўплаб... жуда кўплаб иншоотлар қурилди ва бошқа ишлар қилинди.

Учинчидан. Мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилувчи биргина давлатнинг расмий идораси келтирган рақамидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг нақадар катта эканлигини билиб олдик. Сифатли, қўёшдан тўйиниб етилган маҳсулотнинг эса ҳозирда «баҳоси йўқ» эканлигини ўзимиз хулоса қилсак бўлади.

Аччиқ бўлса ҳам хулосага ўрин берамиз

Исроил давлати ўзининг 300.000 гектар ерида етиштирилган маҳсулотини дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилиб келаяпти. Хусусан, биз тилга олаётган Россияга ҳам.

Иқтибос: «Исроил географик жиҳатдан қишлоқ хўжалигини юритиш учун ноқулай бўлишига қарамасдан, янги узилган маҳсулотларнинг йирик экспортчисидир. Исроил ер майдонининг ярмидан кўпи чўл зонага тўғри келади, сув танқислиги эса қишлоқ хўжалиги амалиётига янада қўшимча қийинлик келтиради».

(Википедиядан).

Шу ўринда кимдир эътироз билдириши мумкин: «Биз исроилликлардай бўла олмаймиз, улар бошқача халқ!»

Жавоб: Бекорларни айтибсиз! Бизлар илму салоҳиятда, бунёдкорликда бошқалардан минг чандон ўтиб кетган даврлар бўлган. Бир марта ишғол этилган чўққиларни яна забт этса бўлади. Демак, ҳар қандай юксак мақсадларни ўз олдимизга қўя оламиз!

Аччиқ ҳақиқатларни тилга олишда давом этамиз.

Еримиз кўп экан, заҳматкаш, ишчан йигитларимиз кўп экан. Шу билан бирга, тўрт миллион кишимиз ўзга иқтисодиётни кўтараётган экан.

Ерларимиз эса юз, икки юз ва ундан кўп гектардан фермерларга берилган. Шу жойда «фермер», деган тушунчага аниқлик киритсак. Академик луғатга мурожат этамиз: «фермер — хусусий қишлоқ хўжалиги эгаси, ферма эгаси». Ушбу келтирилган таърифда «ЭГА» сўзи биз учун энг муҳим сўздир.

Эга

Яъни, ҳақиқий фермер, бу — авваламбор озми-кўпми, каттами-кичикми хўжаликнинг ЭГАсидир. У ўз хўжалигини авайлаб асрайди, ривожлантиради, безатади, кўркам этади, хуллас калом... севади. Ўзидан кейин болаларининг моддий ва маънавий озуқа манбаи бўлиши учун уринади.

Биздаги фермерлар эса... аслида ерга ҳам, маҳсулотга ҳам ҳақиқий ЭГА эмаслар. Давлат томонидан ажратилган уруғ ва бошқа нарсаларни ишлатиб маҳсулот (асосан пахта ва буғдой) етиштирадилар ва давлатга топширадилар. Табиийки, ерга муносабат ҳам, уни обод қилиш, ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга бўлган рағбат ҳам, эртанги кунга назар ҳам ўзига яраша. (Давлатдан олинган минерал ўғитларни чекага сотиб юбориш, «хўжакўрсинга» иш юритиш, ишчиларга пул ўрнига ғўзапояни иш ҳақи қилиб бериш ва бошқа юз бераётган «нарса»ларга бу ерда урғу бериб ётмаймиз, зеро, мақсадимиз ҳозир бу эмас). Бундай «фермер»лар ҳозирда мамлакатга, халққа ва ниҳоят ўзларига ҳар бир гектардан қанча фойда келтираётганини илғор аграр давлатлардаги рақамлар билан таққосласак ачинишдан бошқа иложимиз қолмайди. Мазкур вазиятдан келиб чиқиб...

Ҳолатимиз манзарасига чизги чизамиз:

Бир тарафда — Россиянинг энг қийин, энг қора ишларини қилиб юрган 4 миллионга яқин ишчан фуқароларимиз.

Иккинчи тарафда — тайин бир ЭГАси йўқ, аксар ҳолатда эъзоз этилмаётган 4 миллион гектар ерларимиз.

Бир-бирига ҳайрат ила тикилиб турган, мантиқсиз, таажубга соладиган ушбу икки факт олдида турибмиз. Эндиги вазифамиз — бу икки фактга тикилиб турмасдан, зиддиятни бартараф этишимиз.

БУ ЗИДДИЯТНИ БАРТАРАФ ЭТИШИМИЗ ЭСА МАМЛАКАТИМИЗНИ ЖАДАЛ РИВОЖ ТОПИШИГА АСОС БЎЛА ОЛАДИГАН ДАРАЖАДАГИ САЛМОҚЛИ ИШДИР.

Атайин катта ҳарфлар билан ёзилган юқоридаги жумла кимгадир баланпарвоз гапга ўхшаб туюлиши мумкин. Аммо ҳозирда дунёда юзага келиб турган ҳолатдан (коньюнктурадан) хабари бор ҳар бир киши бу катта ҳарфлар билан ёзилган гапни яхши тушунади.

Коньюнктура

Ҳозирда ҳар бир мамлакат ўзида бор имкониятлардан максимал фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу тенденция дунё бўйлаб тобора авж олмоқда ва, табиийки, авж олиб бораверади. Яшаш учун, ривожланиш учун бўлаётган бу курашда эса абжирлар — ўз имкониятларини увол қилмаётганлар — бошқалардан ўзиб кетаётгани ҳам ҳақиқат. Хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун қулай имконияти бўлган ҳар бир мамлакат бу бозорда ўз ўрнини эгаллашга роса уринмоқда. Бу йўлда айрим илғор мамлакатлар ўзида ишчи етишмаганидан четдан ишчи ёллаб ерларини истифода этаётган бўлсалар, яна бирлари экин-текинга ноқулай жойлардан ҳам фойдаланишгача боряптилар. Сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб эса борган сайин ўсиб бормоқда.

Мавжуд коньюнктура ва... биз

Шу жойгача қилган таҳлилий уринишимиздан кўриниб турибдики, имкониятлардан унумли фойдаланиш масаласида биз, таъбир жоиз бўлса, бир оёққа эмас, балки ҳамма мавжуд оёқларга оқсаганмиз. Бизда бор имконият, айтайлик, ўша исроилликларда бўлганда эди... Майли, ҳолат ҳақида фикрладик, эндиги фикр қилишимиз лозим бўлган нарса...

Ечим

Жўяли ечимни таклиф этиш, аслида, осон иш эмас. Аммо баъзида ечим «сувнинг устида» қалқиб, «мана менман», деб турган бўлади. Уни олиб ишлатиш керак бўлади, холос.

Демак, биз ишсизлик сабабидан четда ишлаб юрган, ўзга иқтисодиётни кўтараётган ўша «армия»мизни ЎЗ ерларимизни том маънода обод қилишга жалб қилмоғимиз ва шу аснода бир эмас, балки бутун бошли комплекс муаммоларимизни ҳал қилишга киришишимиз даркор. Бошқача қилиб айтганда, бизларга ҳозир аграр ислоҳот жуда зарур. Аммо бундай ислоҳот кутилгандек натижага олиб келиши учун уни тўғри режалаштириш, таъбир жоиз бўлса, формуласини тўғри тузиб чиқиш даркор.

Ислоҳот формуласи

Аграр соҳани ривожлантиришнинг бир қанча моделлари бор. Муҳими — ҳолатни, мавжуд шарт-шароитни ҳисобга олган ҳолда хос моделни танлаб олишдир. Бир мамлакатга тўғри келадиган модел бошқасига асло тўғри келмаслиги мумкин. Масалан, Исроил давлатида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ишчи кучининг атиги 3.7 фоизи ишлайди. Табиийки бизга бундай модел ҳеч ҳам тўғри келмайди, зеро, биз кўп сонли қишлоқ фуқароларимизни ишли қилишимиз керак.

Биз ўзимизнинг хос формуламизни ишлаб чиқишда қуйидагилардан келиб чиқишимиз даркор:

- Ишсизлик миқёси. Буни изоҳлашга ҳожат йўқ.

- Ижтимоий табақаланишга имкон қадар йўл қўймаслик. Йирик аграр хўжаликлар тузиш йўлидан бориш алал-оқибат қишлоқларда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Яъни, катта ер эгалари (бойлар) ва уларга ишлайдиганлар (ойлик маош оладиган камбағаллар) синфлари юзага келади. Бу эса мамлакат ривожига хизмат қилмайдиган чуқур маънавий-ижтимоий қусурлардандир, деган мулоҳазани қилсак бўлади.

- Имкон қадар кўпроқ оилаларни иқтисодий фаолликка жалб қилиш.

- Имкон қадар кўпроқ кишиларимизни ЭГАларга айлантириш... Бунинг тафсилоти ҳақида ҳали тўхталамиз.

- Менталитетимиз.

Ушбу беш тамойил бўлажак ислоҳотларнинг имкон қадар кўпрок кишиларни қамраб олишини, катта аграр хўжаликлар эмас, балки айнан кичик ер эгаларини кўплаб юзага келтиришни тақозо қилади. Аммо буни амалга ошириш шунчаки ишсизликни бартараф этиш воситаси эмас, балки кенг кўламдаги, КОНЦЕПТУАЛ АҲАМИЯТГА МОЛИК ВАЗИФАДИР. «Жуда унчалик эмасдир?» — дер балки кимдир. «Ўшанча» эканлигини асослашга киришамиз ва яна рақамларга мурожат этамиз.

Концепция

4,4 миллион гектар суғориладиган ерларимиз борлигини айтдик. Энди бу рақамни ҳозирча иккига бўлиб турамизда, ҳосил бўлган ҳажмни олиб, бироз хаёлга эрк берамиз. 2,2 миллион гектар ер асосида босқичма-босқич, секинлик билан кичик ЕР ЭГАЛАРИни хаёлан вужудга келтирамиз. Бир оила бир ёки икки гектар ер эгаси бўлди, деб тасаввур этайлик. Оддий арифметик амаллар шуни кўрсатади-ки, натижада мамлакатимизда салмоқли, салоҳиятли тадбиркорлар «армия»си вужудга келади шунда. Ҳозирда ўзга бир давлатнинг иқтисодиётини кўтараётган «армия» асосида янги, Ватанига, юртига фойда келтирувчи тадбиркор, бунёдкор «армия» вужудга келади. Устига-устак «қайси гўрда» эмас, балки ота-онасининг олдида, фарзандларига бош бўлган ҳолда.

Бу тадбирнинг КОНЦЕПТУАЛ аҳамиятга эга эканлигини қуйидаги мулоҳазалар билан асослаймиз:

Давлатнинг куч ва салоҳияти шу давлатда яшаб, фаолият юритаётган ижтимоий сегментларга боғлиқ.

Том маънодаги кучли давлат, бу — ижтимоий ва иқтисодий фаол, руҳан бақувват қатламларига эга давлатдир. Бошқача қилиб айтганда мамлакатда иқтисодий-ижтимоий фаол, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар қанча кўп бўлса, мамлакат шунча кучлидир.

Фикр юритаётганимиз аграр ислоҳот эса пировардида мамлакатимизда, тўғрироғи, қишлоқларимизда ўша — ижтимоий ва иқтисодий фаол, юрт ривожи учун жон куйдирадиган — СИНФни вужудга келтириш кўламига молик тадбирдир.

Бундай, том маънодаги кучли, фаол СИНФ миллатнинг асосига, таянчига айланса бу миллат ҳар қандай мақсадларни ўз олдига қўя олади. Зеро, бундай миллатнинг замирида ФАОЛЛИК ётган бўлади.

ФАОЛЛИК мавзусига эса чиқишимизнинг иккинчи қисмида тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий фаол қатламни юзага келтириш: рақамлар, мулоҳаза ва мушоҳада

Шокир Шарипов, мустақил таҳлилчи.