Канаданинг Мальбе курорт шаҳри (Квебек вилояти, Шарлевуа тумани) "Катта еттилик"нинг 2018 йилги 44-саммитини қабул қилади. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди. 

"Канада 2018 йилда Шарлевуада G7 саммитини ўтказишдан фахрланади. Бу туман давлатимиз нима билан бой бўлса, шуни – икки тиллик ва маданий турфаликдан тортиб исталган фаслдаги ажойиб манзараларни акс эттиради", деб айтган Трюдо. 

"Ҳамкасбларим билан Шарлевуада кўришишни сабрсизлик билан кутиб қоламан", деб қўшимча қилган Канада бош вазири. 

Трюдо саммит ўтказиладиган муддатга ойдинлик киритмаган.

Мальбе Квебек шаҳридан 150 км узоқликда жойлашган ҳашаматли курорт мажмуаси ҳисобланади. Канада бундай даражадаги саммитни охирги марта 2010 йилда Россия иштирокидаги G8 форматида ўтказган. Бу саммит Хантсивиллда ўтказилган.