Жорий йилнинг 26-27-28 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Универсал” спорт саройида илк маротаба паралимпия дзюдоси бўйича 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинларига рейтинг очколарини берувчи Осиё ва Океания чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада Осиёнинг энг кучли - Эрон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Ироқ, Тожикистон, Хитой Тайпей, Таиланд, Қозоғистон ва жаҳоннинг энг кучли жамоаси ҳисобланадиган Ўзбекистон жамоалари иштирок этди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси раиси ўринбосари Тошхўжаев Мухторхон сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни мусобақа билан табриклади ва чемпионатни очиқ деб эълон қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу чемпионатда 9 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ўринни 3 та олтин 3 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан Жанубий Корея, учинчи ўринни 2 та олтин 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан Эрон терма жамоаси эгаллади.