Хитой чегара хизмати ходимлари рюкзакларда Ҳонгконгдан Хитойга мобил телефонлар олиб ўтмоқчи бўлган 10 нафар ўқувчини қўлга олишди. Бу ҳақда The South China Morning Post нашри хабар бермоқда

Хуанган чегара пункти ишчилари ўқувчиларнинг лиқ тўла рюкзакларига эътибор қаратишган. Текширув вақтида уларда умумий қиймати 145 минг долларлик 210 та телефон аниқланган.

Ўқувчилар чегарачиларга телефонларни ташиш орқали пул ишлаб олишни исташмагани, уларга бу телефонларни берган катталар уларни олиб ўтиб берганлик учун музқаймоқ ёки бирор егулик олиб беришга ваъда қилишганини айтишган. 

Чегарачилар ўқувчиларга уларнинг бу ишлари ноқонуний эканлигини тушунтиришган ва улардан телефонларни мусодара қилишган.