Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ҲКТТ) июнь ойининг дастлабки кунларида оғир маҳаллий ракета ташувчиси синовини ўтказишни режалаштирмоқда. NDTV телеканалининг хабар беришича, янги ракета миллий бошқарилувчи космик дастурни амалга ошириш имконини беради. 

GSLV MK-III ташувчиси (ёки LVM3 - Launch Vehicle Mark-3) 8 тоннага яқин фойдали юкни орбитага олиб чиқишга қодир. Манбада таъкидланишича, бу Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган энг қудратли ва оғир ракетадир. Унинг оғирлиги 200 фил оғирлиги (640 тоннадан ортиқ)га тўғри келади ва у тўлиқ ҳинд технологиялари асосида ишлаб чиқилган.

Ташувчининг биринчи парвози муваффақиятли кечса, яқин келажакда унинг ёрдамида космосга Ҳиндистон ҳудудидан Ҳиндистон ракетасида Ҳиндистон экипажи йўлланади. Мазкур режа муваффақиятли ўтса, Ҳиндистон Россия, Хитой ва АҚШдан кейин космик кенгликка инсонларни мустақил чиқара оладиган дунёнинг тўртинчи мамлакати бўлади. Янги ташувчи ёрдамида шунингдек турли мақсадлардаги сунъий йўлдошлар ҳам орбитага олиб чиқилади.