Италиянинг Таормина шаҳрида "Катта еттилик" (G7) саммити яунланди. Саммит иштирокчилари якуний декларацияни қабул қилишди. Унда террорчиликка қарши курашнинг муҳимлиги, Сурия ва Ироқда ИШИДга қарши курашни кучайтириш, шунингдек, Минск келишувлари бажарилмаса, Россияга қарши санкцияларнинг кучайтирилиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.      

Саммитда АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Италия, Германия ва Япония етакчилари иштирок этишди. Улар террорчиликка қарши кураш, иқлим ўзгариши, миграция инқирозини ҳал қилиш, Африка давлатларига эпидемиялар ва очарчиликка қарши курашда ёрдам бериш масалаларини муҳокама қилишди.   

Якуний декларацияда "еттилик" давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашларини тасдиқлашди ва Россия ушбу давлатдаги ихтилоф учун жавобгар эканлигини таъкидлаб ўтишди.    

Саммит иштирокчилари ИШИД манфаати йўлида жиноят содир этувчилар ва кимёвий қурол қўлловчиларни жазолашга чақиришди. Улар, шунингдек, Россия ва Эрондан ўт очишни тўхтатиш тартибини кучайтириш учун Сурия раҳбариятига таъсир ўтказишни талаб қилишди.  

Журналистлар эътиборини форумнинг янги иштирокчилари – АҚШ президенти Дональд Трамп ва Франция президенти Эммануэль Макрон тортди. ОАВ бу икки давлат раҳбарларининг рафиқалари қандай кийимда эканликларига эътибор қаратишди, уларнинг кийимлари нархини таққослашди ва расмий тадбирларда иштирок этишларини кузатишди.

Трамп саммитнинг 2-куни учрашувга бир соатлик кечикиш билан келди. Бундан ташқари, у Италия бош вазири Паоло Жентилони саммитни итальян тилида очаётганда таржима учун мўлжалланган қулоқчинлардан фойдаланишни жоиз кўрмади.  

Бундай тадбирлар учун анъанавий бўлиб қолган норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтди. Барча хавфсизлик чораларига қарамасдан, саммит осойишта акциялар билан бир қаторда ҳуқуқ-тартибот идоралари кучлари билан тўқнашувларга айланиб кетган норозилик намойишлари билан кечди.

26 май куни Greenpeace фаоллари саммит ўтаётган жой яқинидаги Жардини-Наксо шаҳарчасида денгиз бўйида қутқарув жилети кийдириб қўйилган АҚШдаги Озодлик ҳайкалининг 4 метрлик нусхасини ўрнатишди. Норозилик намойиши ташкилотчиларининг айтишларича, улар шу тариқа сиёсатчилар ва жамоатчиликнинг эътиборини иқлим ўзгариши ва дунё океани сатҳининг кўтарилишига қаратишмоқчи бўлишган.