Германия канцлери Ангела Меркель G7'га аъзо бир қатор мамлакатлардаги тарқоқлик фонида Европа фақат ўзига ишониши кераклигини таъкидламоқда. У Христиан-ижтимоий иттифоқи раҳбари Хорст Зеехофер билан бирга ўтказилган қўшма тадбирда шундай баёнот билан чиқди. 

"Бир-биримизга тўлиқ ишонишимиз мумкин бўлган даврлар ўтиб кетди, мен буни сўнгги кунларда яққол ҳис қилдим, - дея Меркелнинг сўзларини келтиради DPA агентлиги. - Шу боис айтишим мумкинки, европаликлар ўз тақдирини ўз қўлига олиши керак". 

Маҳаллий ОАВ, хусусан Welt ва Bild газеталари Меркелнинг бу баёнотидан канцлер АҚШни ишончли ҳамкор деб ҳисобламаслигига оид хулоса чиқарган. 

"Катта еттилик" саммити 26-27 май кунлари Италияда бўлиб ўтди. У бир томондан ушбу клубнинг олти иштирокчиси ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги келишмовчиликларни, бошқа томондан эса - қатор мавзулар - иқлимга доир Париж битимидан тортиб то қочқинлар масаласигача фикрлар номувофиқлигини намоён қилди.