Франция пойтахти Париж шаҳрида бугун, 28 май куни «Катта Дубулға» туркумига кирувчи, йилнинг тўртта йирик турниридан бири «Ролан Гаррос» мусобақасининг асосий тур баҳсларига старт берилади. Турнирнинг соврин жамғармаси 2017 йилда ўтган йилдагига нисбатан 12 фоизга ошган ва 36 миллион еврони ташкил этади.

«Ролан Гаррос» Париждаги қумли кортларда 11 июнь кунига қадар давом этади. Ушбу турнир грунт кортларда кучлироқ иштирок этадиган теннисчилар учун кульминация босқичидир. Бундай турнирларда испаниялик теннисчи Рафаэль Надалга тенг келадиган рақиб топилмайди, у шу вақтгача 9 марта «Ролан Гаррос» ғолиби бўлган.

Надални қандай тўхтатиш мумкин?
Надаль «Ролан Гаррос»гача ҳам бир неча жиддий ғалабалар қайд этди. У Монте-Карлода ўтказилган «Мастерс»да фаолиятидаги ўнинчи ғалабани нишонлади, Барселонадаги турнирда ҳам унга тенг келадигани топилмади, Мадрида «Мастерс»ида ҳам у ғолиб бўлди. У бу мавсумда қумли кортларда ўтказилган баҳсларда ягона мағлубиятни Римдаги «Мастерс»да қайд этди, австриялик Доминик Тим уни енгишга муваффақ бўлди.

«Ролан Гаррос»га тайёргарлик жараёни кўнгилдагидек кечди, унинг натижалари мухлисларини хурсанд қилмаслиги мумкин эмас, у Мадриддаги турнир ярим финалида энг ноқулай рақиби Новак Жоковичдан устун келди. Парижда жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси билан у финалга қадар ҳам тўқнаш келиши мумкин.

Испаниялик теннисчининг баҳорги ўйинлари шуни кўрсатдики, у «Ролан Гаррос»да асосий фаворит ҳисобланади ва у фаолиятида ўнинчи марта ушбу турнирда ғолиб бўлиши мумкин. Айни вақтда унга спорт формаси юқори бўлган Доминик Тим ва германиялик Александр Зверев жиддий рақиблик қилиши мумкин.

Федерерсиз зерикарли бўлмайдими?
2009 йилда Франция очиқ чемпионати ғолиби бўлган Рожер Федерер бу йилги турнирда иштирок этмасликка қарор қилди. Бу мавсумда қаттиқ кортларда кетма-кет ғалабалар қозонган (Australian Open, Индиан-Уэллс, Майами) швейцариялик теннисчи қумли кортларда ўтказилган турнирларни ўтказиб юборди. Унинг учун қумли кортлардаги турнирлар ҳамиша ноқулай келган, ўзи учун севимли бўлган Уимблдон турнирига тайёргарлик кўради. Август ойида 36 ёшни қаршилайдиган теннисчининг бу қарорини тўғри тушуниш мумкин.

Федерер бўлмасада, бу турнирда ўзини кўрсатиши мумкин бўлган яна бир қатор номлар бор. Жаҳоннинг биринчи рақамли теннисчиси Энди Маррей ҳали «Ролан Гаррос»да ҳали зафар қучмаган, швейцариялик Станистас Вавринка эса Парижда яна бир бор ғолиб бўлиши мумкин.

Шарапова ва Серена Уильямс қатнашмайди
Бир неча йиллар аввал Мария Шарапова ва Серена Уильямс Париж кортларидаги турнирга келмаслигини тасаввур қилиб бўлмасди. Франция теннис федерацияси президенти Бернар Жудичелли май ойида маълум қилдики, «Ролан Гаррос»нинг икки карра ғолиби, россиялик теннисчи Мария Шарапова бу йилги турнирда дисквалификациядан қайтганига қарамасдан wild card ололмагани учун қатнашмаслиги ҳақида маълум қилди. Лекин унда рухсатнома бўлганида ҳам қатнаша олмасди, у Римдаги турнирда хорватиялик Миряна Лучич-Баронига қарши баҳс вақтида белидан жароҳат олди.

Яна бир жаҳоннинг собиқ биринчи рақамли ракеткаси Серена Уильямс ҳам «Ролан Гаррос»ни ўтказиб юборади. У аввалроқ ҳомиладорлиги туфайли бу йилги турнирларда иштирок этмаслигини маълум қилганди.