Юқоричирчиқда замонавий совутиш тизимлари қурилади

Ўзбекистон 28 Май 2017 5741
Фото: stroyxolod.uz

22 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг махсус қарори билан Жанубий Корея ҳукуматининг Ўзбекистонда замонавий сақлаш технологиялари ёрдамида паст ҳароратли камераларни ўрнатиш лойиҳаси тасдиқланди. Бу ҳақида Кун мухбири Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот хизматига таяниб, хабар беради. 

Мукаммал совутиш ускуналари Тошкентнинг Юқоричирчиқ туманидаги Агроинновация корхонаси ҳудудида қурилади. Жанубий Корея бу лойиҳани амалга ошириш учун 3,5 миллион доллар ҳисобида грант ажратди. 

Мазкур замонавий қурилмаларни яратишдан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқ муддатли сақлашга қаратилган бўлиб, бу эса ўз навбатида деҳқонлар, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига янги имкониятлар яратиб, замонавий ускуналардан фойдаланишда тажриба оширишларига ёрдам беради. 

Лойиҳанинг амалга оширилиши ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда совутиш камераларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш ишлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилган.

Кўпроқ янгиликлар