Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев республика қуролли кучлари 25-йиллиги муносабати ташкил этилган тантаналарда қилган маърузасида айрим сиёсатчиларни йиртқич қуш-калхатга тенглаштирди. 

Унинг сўзларига кўра, 2016 йил мартида қирғиз-ўзбек чегарасидаги Оқсой туманида вазият кескинлашганда айрим сиёсатчилар у ерга бориб, фуқароларни гиж-гижлаган. 

Давлат раҳбарининг айтишича, дунё ва минтақадаги вазият мураккаб бўлиб, баъзан ер ва сув учун уруш бўлиши ҳақидаги сўзлар ҳам қулоққа чалинмоқда. 

Афсуски, чегара масаласи тўлиқ ҳал этилмаган, халқаро террорчилик кучайиб бормоқда. 

Унинг таъкидлашича, ҳарбий хизматчиларни ташқи ва ички таҳдидларга қарши туришга ўргатиш керак. 

«Аскарларни ўқитиш керак. Бунинг учун маблағ ажратиш керак. Бунинг учун кўп маблағ талаб этилса-да, мамлакат хавфсизлигига киритилаётган сармоядир. Шу боисдан ҳам парламент ва ҳукумат қуролли кучлардан иқтисод қилмаслиги керак», — деган давлат раҳбари. 

Шу билан бирга, Атамбоевга кўра, мамлакат раҳбарияти ўз вақтида армия қуролларини арзимаган пулга сотиб юборди. Унинг айтишича, ўтган асрнинг 90-йилларидаги раҳбарларнинг мамлакатга армия керакмаслиги хусусидаги гаплари офицерлар ва ҳарбийлар руҳини синдирган ва қуролли кучларга жиддий талофат етказган. 

2011 йили мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказмоқчи бўлишганида айрим ҳарбий техникалар майдонга кела олмаслиги аниқланган. 

Қирғиз давлат раҳбари, шунингдек, армиясиз халқни қўлсиз инсонга қиёслади. 

«Бекорга қирғизлар илгари армияни қўл деб атамаган, чунки армиясиз халқ ўзини-ўзи ҳимоя қила олмайдиган қўлсиз инсон кабидир. Шу боисдан ҳам президентлигимнинг илк кунлариданоқ, бош қўмондон сифатида халқнинг кучли қўли бўлиши учун ҳаракат қилдим», — деган президент.

Ўтказилган ислоҳотлар натижасида Қуролли кучлар бутунлай ўзгарди. 

«Авваллари Қуролли кучлар барчага бўйсинган бўлса, энди у бир жойдан бошқарилади ва муштга айланди», — деб таъкидлади Атамбоев. 

Унинг айтишича, бугунги кунда аскарларнинг 30 фоизи олий маълумотлидир. 

«Ҳурматли ватандошлар, бугун мен, президент ва бош қўмондон сифатида расман айта оламанки, бугун қирғиз ҳалқининг ўз ватанини ҳимоя қила оладиган ўз армияси бор. Йигитнинг юраги қалъадан мустаҳкам бўлади», — деган Алмазбек Атамбоев.