Марк Цукерберг Ҳарвард талабалар ётоқхонасидаги хонасида. У шу хонада Facebook ижтимоий тармоғини ўйлаб топган.

25 май куни Ҳарвард университетида илмий унвонлар беришнинг 366-маросими ўтказилди. Ҳарварднинг 2017 йилги битирувчилари билан бир қаторда «Facebook» ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ҳам фан доктори фахрий унвонини олди. Цукербергнинг ўзи ўқиган университет ўқитувчилари ва талабалари олдида қилган чиқишидан парчаларни эътиборларингизга ҳавола этамиз.

«Ёмғир ёғаётганига қарамасдан, бу ерга йиғилганларнинг барчасига ташаккур. Шундай йўл тутамизки, бу учрашув сизлар учун қадрли бўлиб қолажак. Президент Фауст, кузатув кенгаши, факультет, дўстларим, битирувчилар, мағрур ота-оналар, маъмурий кенгаш аъзолари ва жаҳондаги энг буюк университет талабалари! Мен учун бугун бу ерда сизлар билан бирга бўлиш катта шараф, чунки ҳақиқатнинг кўзига тик боқиб айтишим керак, сизлар бу ерни ўқиб битиргансизлар, бу эса менинг қўлимдан келмаган. Мен бу ерда нутқ билан чиқиш қилаяпман ва Ҳарвардда қачондир тугатишим мумкин бўлган нарса шу нутқим бўлади. 2017 йил битирувчилари, сизларни табриклайман!» — дея нутқини бошлаган Цукерберг.

«Бугун бу ерда нутқ сўзлаётганим, албатта, ақлга сиғмайдиган иш, бу фақат ўқишни ташлаб кетганим учунгина эмас, сизлар билан бир авлод вакили эканлигимдан ҳамдир. Биз умумий бир ғояни ўргагандик, битта маъруза чоғида ухлаб қолган бўлишимиз ҳам мумкин. Бу ерга бизни келтирган йўллар турлича, айниқса, сизлар талабалар кампусидан чиқиб келганларинг инобатга олинса, лекин бугун мен бизнинг авлодимиз ва биргаликда қураётган дунёмиз ҳақида ўрганганларимни ўртоқлашиш учун келдим».

«Ҳарвардга ўқишга кирганингиз ҳақида электрон хатни қачон олганингизни эслай оласизми? Мен ўшанда тепадаги хонамда «Цивилизация» компьютер ўйинини ўйнаётган эдим, пастга тушиб отамга Ҳарварддан хат келганини айтганман. Ота-онам ҳануз Ҳарвардга ўқишга кирганимдан кўпроқ ғурурланишади. Ана, онам бош чайқаб, тасдиқлаяпти». 

«Ҳарварддаги илк маърузангизни эслай оласизми? Мен информатикадан маърузага кечикиб кирганман. Боз устига, аудиторияга футболкамни тескари кийиб кирганман. Буни Ки Экс Жиндан бошқа ҳеч ким менга айтмаган. Шундай қилиб, муаммоларимизни биргаликда ҳал қила бошладик, ҳозир у “Facebook”да ҳам шу иш билан шуғулланмоқда ва катта қисмига раҳбарлик қилмоқда.

«Ҳарвард ҳақидаги энг яхши хотирам Присцилла (Чан, унинг рафиқаси) билан боғлиқ, уни шу ерда учратганман. Ўшанда мен «Facemash» безорилар сайтини ишга туширганимдан сўнг маъмурий кенгаш мени «кўришни» истаб қолган. Ҳамма мени ўқишдан ҳайдалади, деб ўйлаган. Ота-онам ҳатто нарсаларимни йиғиштиришга ёрдам бериш учун келишган. Дўстларим хайрлашув оқшоми ўтказишда ёрдам беришган. Ўша кечада Присцилла ҳам келган. Биз у билан ҳожатхонага навбатда туриб қолдик ва бу дунёдаги энг романтик навбат бўлса керак. Мен Присциллага: «Мени уч кун ичида ўқишдан ҳайдашади, биз имкон қадар тезроқ учрашишимиз керак», дегандим. Мени ўқишдан ҳайдашмади, ўзим кетдим, лекин Присцилла билан учраша бошладик».

«Дэвид Финчернинг «Ижтимоий тармоқ» фильмида «Facemash» «Facebook»нинг старт олиши учун жуда муҳим қилиб тасвирланган. Ундай эмас, лекин «Facemash»сиз Присциллани ҳеч қачон учратмасдим. Присцилла эса ҳаётимдаги энг муҳим инсон, шу сабабли уни учратганим Ҳарвардда қўлга киритган энг муҳим нарсам, деб ҳисоблашингиз мумкин».

«Бу ерда инсоннинг мақсади ҳақида гапиришни истайман. Лекин мақсадингизни топиб олишингиз ҳақида стандарт нутқ сўзламоқчи ҳам эмасман. Бунга интуитив даражада етишга уринишимиз керак. Аксинча, мақсадингизни топиб олишингиз етарли эмаслиги сизларга айтмоқчиман. Бизнинг авлодимиз учун ҳар бир инсоннинг мақсади бўлган олам яратиш ўзига хос синов бўлмоғи даркор»

«Мен севган ҳикоялардан бири — NASA космик марказига келган Жон Кеннеди ҳақида. У қўлида супурги ушлаган фаррошни кўриб, ундан бу ерда нима қилаётганини сўрайди. Фаррош эса: «Жаноб президент, мен инсонни Ойга учишида кўмаклашаяпман», деб жавоб беради. Мақсад — бу қандайдир улкан нарсанинг бир қисми эканлигингизни ҳис қилишингиздир. Мақсад — ҳақиқий бахтни яратувчи нарса».

«Биламан, кўпларингизда меникига ўхшаш ўз тарихингиз бўлади. Дунёда ниманидир ўзгартириш мумкинлиги, кимдир бу иш билан шуғулланишини сезасиз. Лекин у қилмайди. Сиз қиласиз. Фақат ўзингиз учун мақсадга эга бўлишингиз етарли эмас. Сиз бошқалар учун ҳам мақсад ҳиссини яратишингиз керак».

«Бу фикрга келишим учун мураккаб йўл босдим. Менда ҳеч қачон компанияга асос солиш мақсадим бўлмаган, бу тўсатдан содир бўлган. Бизга бошқалар ҳам қўшила бошлаганида, гарчи мен ҳаммасини улар билан биргаликда барпо этишга умидвор эканлигимни ҳеч қачон тушунтириб ўтирмаган бўлсам ҳам, уларни ҳам меникидек нарсалар ташвишлантираётганини сезиб қолганман».

«Стартапимизни ишга туширганимиздан бир неча йил ўтиб, бир неча йирик компаниялар бизни сотиб олиш ҳаракатига тушишди. Бироқ мен доим бу битимга қарши чиқиб келдим. Биз янада кўпроқ инсонларни бирлаштира олиш-олмаслигимизни тушунишга ҳаракат қила бошладим. Биз «Facebook» янгиликлар лентасини дастлабки версиясини ишлаб чиқдик ва мен бу нарса дунёдаги ахборотларни олишнинг усулини ўзгартириши мумкинлиги англадим. Атрофимиздагиларнинг барчаси компания сотилишини истарди. Олий мақсад туйғусисиз стартап учун бундай қарор орзу ҳисобланади, албатта. Бу компания ичидаги зиддиятларга сабаб бўлди. Қизғин мунозаралардан бирида, маслаҳатчиларимдан бири битимга рози бўлмасам, умримнинг сўнгги дақиқаларигача афсус қилишимни айтди. Жамоадаги таранглик шу қадар эдики, ўша вақтда топ-менежер лавозимида ишлаб турган деярли барча киши бир йил ичида компаниядан бўшаб кетди».

«Бу «Facebook» раҳбари лавозимида мен учун энг оғир давр бўлган. Мен қилаётган ишимизга ишонардим, лекин ўзимни ёлғиз ҳис қила бошладим. Боз устига, балким бу хато бўлгандир, ўз-ўзимга қуйидагича савол бера бошлагандим: «Мен ҳақманми, балким мендек, 22 ёшли йигитча ҳали олам қандай қурилганини тўлиқ англаб етмас?» Энди эса йиллар ўтиб, сизда олий мақсад бўлмасагина шундай бўлишини англадим. Барчаси ўзингизга боғлиқ. Олий мақсад пайдо бўлиши учун барча биргаликда олдинга интилиши керак”.

«Бизнинг авлодимиз ўн миллионлаб ишчи ўринлари автоматлаштирилган тизимлар, ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллар ва юк машиналари билан алмаштириладиган вазиятга дучор бўлишади. Бироқ бизда биргаликда жуда кўп нарса қилиш имкониятимиз бор. Инсон ойга қадам қуйиши учун 300 мингдан зиёд киши биргаликда меҳнат қилган, жумладан, бояги фаррош ҳам. Миллионлаб волонтёрлар бутун дунё бўйлаб гўдакларни полиомиелит касаллигидан қутқаришган. Миллионлаб инсонлар Гувер тўғони ва бошқа буюк лойиҳаларни барпо этишган. Бу лойиҳалар уларда иштирок этган инсонлар учун нафақат мақсад бўлган, бизнинг мамлакатимизга ана шундай буюк ишларни биргаликда бажара олишимиздек ғурур туйғусини ҳам тақдим этган».

«Энди шундай ишларни амалга ошириш навбати бизники. Балким сиз, «тўғон қуришни билмайман ёки миллионлаб инсонни қандай қилиб жалб қиламиз», дерсиз». Битта сирни фош қиламан: буни бошлаганда ҳеч ким қандай бўлишини билмайди. Ғоя сизга тўлиқ тайёр ҳолатда келади. Унинг устида иш бошлаганингизда у аниқ-тиниқ шакл касб эта бошлайди. Агар мен бошлашдан аввал инсонларни қандай бирлаштиришни билганимда ҳеч қачон «Facebook»ни ишга туширмас эдим».

«Ташаббус кўрсатаётган ҳар қандай инсон танқидларга дучор бўлади, уни шошқалоқликда айблай бошлашади, чунки доимо сизни секин ҳаракат қилишингизни истовчилар топилади».

«Биз ҳаётда катта нарсаларга қўл уришдан ўзимизни тортамиз, чунки хато қилиб қўйишдан қўрқамиз. Лекин ҳеч ишга қўл урмас эканмиз, баъзи нарсалар нотўғри шаклланганига ҳам лоқайд бўлиб қоламиз. Реаллик шундан иборатки, нимаики қилаётган бўлмайлик, албатта, у келажакда муаммоларга дучор бўлади. Лекин бу бизни бошлаган нарсамизни якунига етказишдан тўхтатиб қўймаслиги керак».

«Хўш, нимани кутяпмиз? Келажак авлод учун нима умумий буюк иш бўлишини аниқлаб олиш фурсати келди. Сайёрамиз буткул вайрон бўлмасидан туриб, иқлим ўзгаришини тўхтатиш масаласига қандай қарайсиз? Миллионлаб инсонларни қуёш батареялари ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишга жалб қилишга-чи? Барча касалликларни даволаш, ўз саломатлиги ва геноми ҳақида ахборотлар билан бўлишиб турадиган кўнгиллиларни излаб топиш масаласига-чи? Бугун биз умуман касал бўлишнинг олдини оладиган дориларни излаб топишдан кўра, касалланган инсонлар учун 50 баробар кўпроқ маблағ сарфлаяпмиз. Бу бемаънилик. Биз буни тузатишимиз керак. Демократия модернизация қилиниб, ҳар бир киши онлайн овоз бериш имкониятига эга бўлиши-чи? Таълимни персоналлаштириб, ҳар бир кишига ўқиш учун имконият яратилиши-чи? Буларнинг барчасини амалга ошириш мумкин. Келинглар, шундай қилайлик-ки, жамиятда ҳар биримизнинг ўз ролимиз бўлсин. Катта ишларни фақатгина тараққиёт учун эмас, ҳар бир инсоннинг мақсади бўлиши учун ҳам бажарайлик».

«Иккинчи қадам — ўз олдига мақсад қўйиб олиш учун ҳар бир кишига эркинлик тақдим этилиши. Кўпларимизнинг ота-оналаримиз бутун карьераси давомида барқарор битта ишда ишлашган. Ҳозир биз компания очамизми ёки у ерда ишлаймизми, бундан қатъи назар барчамиз тадбиркор ҳисобланамиз. Бу ажойиб!»

«Бизнинг тадбиркорлик маданиятимиз шиддат билан олға интилишимизга замин яратади. Ҳозир у гуллаб-яшнамоқда. Янги ғояларни ҳис қилиш осон. «Facebook» мен ишга туширган илк лойиҳа эмасди. Мен ўйинлар, чатлар, ўқув қўлланмалари ва мусиқий плейерлар яратардим. Бу борада ёлғиз эмасман. Жоан Роулингга ҳам «Ҳарри Поттер»ни чоп этишларидан аввал 12 марта рад жавоби беришган. Бейонсе ҳам “Halo” таронаси яратилишидан олдин, юзлаб қўшиқлар ёзган. Буюк муваффақиятлар хато қилиш эркинлиги шарофати билан вужудга келади». 

«Бироқ биз бугун даромадлар тенг тақсимланмаган дунёда яшаяпмиз ва бу ҳар бир киши учун оғриқли. Агар сиз ўз ғоянгизни тарихий муҳим корхонага айлантира ололмас экансиз, барчамиз ютқазаверамиз. Айнан ҳозир бизнинг жамиятимиз муваффақиятга эришишга ҳаддан зиёд юқори баҳо бериб юбормоқда, биз ҳар бир кишида нимагадир кўплаб марта уриниб кўришга имконияти бўлиши учун етарли ишлар қилмаяпмиз». 

«Ҳақиқатга тик боқиш керак. Модомики, миллионлаб талабалар таълим олиш учун кредитларини ёполмай, ўз бизнесини бошлай олмай турган бир вақтда мен Ҳарвардни битирмасдан ташлаб кетиб, 10 йил ичида миллиардларни ишлай бошлашим мумкин экан, бизнинг тизимимизда нимадир нотўғри ишламоқда. Мен кўплаб ишбилармонларни биламан ва бирорта инсонни учратмаганманки, етарли даражада пул ишлай олмаслигига кўзи етиб, бизнесини очиш ғоясидан воз кечган бўлса. Лекин муваффақиятсизликка учраса асқотадиган молиявий «хавфсизлик ёстиқчаси» бўлмагани сабабли ўз мақсади бўлмаган кўплаб инсонларни танийман». 

«Биз биламизки, муваффақиятга эришганимизга фақат яхши ғояга эга бўлганимиз ёки фақат кўп ишлаганимиз сабаб бўлмаган. Бизнинг муваффақиятга эришганимиз омадимиз ҳам келганидан дарак. Агар мен бутун вақтимни дастурлаштиришга бағишламай, ўз оиламизни боқиш билан ҳам шуғулланганимда ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Агар ҳаттоки «Facebook» лойиҳаси барбод бўлган тақдирда ҳам мен билан ҳаммаси яхши бўлишига ишонмаганимда бу ерда турмаган бўлар эдим. Тўғрисини тан олиш керак, барчамиз бизга қанчалик омад кулиб боққанини ҳам биламиз».

«Энди бизнинг авлодимиз учун янги жамоатчилик шартномаси шартларини аниқлаб олиш фурсати етиб келди».

«Бизда шундай жамият бўлиши керакки, у муваффақиятни ҳисоблашда фақат ЯИМ каби кўрсаткичларга асосланмасин, ҳар биримиздан муҳим деб ҳисобланадиган ролни бажаётганимиз ҳам ҳисобга олинсин. Биз ҳар бир инсонга молиявий «хавфсизлик ёстиқчаси» ва нимадир янги нарсани синаб кўриш имкониятини берадиган шартсиз базавий ғоялардан фойдаланишимиз керак. Биз ҳаётимизда кўп бора касбимизни ўзгартирамиз, шу сабабли бизнинг фарзандларимиз, саломатлигимиз ҳақида қайғурувчи, битта иш берувчига боғлаб қўйилмаган даромадлар керак. Барчамиз хато қиламиз, шу сабабли ана шу хатоларга диққатни жамламайдиган, бизни чекламайдиган ва тамға ёпиштирмайдиган жамиятга эҳтиёжимиз бор. Технологиялар мудом ўзгариб борар экан, биз янги билимларга диққатли бўлишимиз ва бутун умр бўйи таълим олишимиз лозим бўлади».

«Албатта, ҳаммага ўз мақсадига эришиш эркинлигини текин бериб бўлмайди. Мендек инсонлар бунинг учун тўлаб қўйиши керак. Ичларингиздан кўпларингиз катта муваффақиятларга эришасиз ва бошқаларга ҳам ёрдам беришингиз керак бўлади. Бу авлодимизнинг қадрияти саналади. Гап буни қилишга тайёрлигимизда эмас. Гап буни айнан қачон қилишимизда».

«Барчамиз кимгадир ёрдам қўлини чўзиш учун вақт топа оламиз. Бизнинг энг катта имкониятларимиз энди умумбашарий аҳамиятга эга: биз қашшоқлик ва касалликларни енгган авлод бўлишимиз мумкин».