АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнерга тўлиқ ишонади. Маълумки, Кушнер Россия вакиллари билан алоқада айбланмоқда. Америка етакчисининг бу баёноти ҳақида The New York Times нашри якшанба кунги (28 май) сонида мақола чоп этди.

«Жаред мамлакат учун ажойиб ишни бажармоқда. Мен унга тўлиқ ишонаман. У деярли барчанинг ҳурматига сазовор бўлган. У, шунингдек, мамлакатимизга миллиардлаб долларни тежаш имконини берувчи дастурлар устида ишламоқда», — дея Трамп сўзларини келтиради нашр. 

Бундан ташқари, Америка етакчисига кўра, Кушнер — «жуда яхши одам».

26 май куни The Washington Post газетаси мамлакат разведкаси ҳисоботига таянган ҳолда, Кушнер ва Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк Трампнинг ўтиш жамоаси ва Кремль ўртасида «махфий ва хавфсиз алоқа канали»ни ташкил этиш имкониятини муҳокама қилишган. Газетанинг ёзишича, Кисляк Москвадаги раҳбариятига Кушнер 2016 йил декабрь ойи бошида Нью Йоркдаги Трамп-тауэр биносида бўлиб ўтган учрашувда шундай таклифни билдиргани ҳақида маълум қилган. 

25 май куни эса NBC News телеканали ФҚБ Кушнерга нисбатан «Россия иши» бўйича суриштирув ишларини бошлаб юборгани ҳақида хабар қилган эди. Телеканал манбалари, Кушнер «Россия ҳукуматининг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашишга уринишлари»га доир муҳим маълумотга эгалигини айтишган.