Европада иқтисодиёт ўсмоқда, бандлик даражаси рекорд даражада баланд, ҳамда давлатлар бюджети соғломлаштирилмоқда. Бироқ, Брюссель Германияга босимни барибир оширмоқда ва ундан Европани янада иқтисодий соғломлаштириш учун кўпроқ ҳисса қўшишни талаб этмоқда. Европа комиссияси ГФР ҳукуматини “бюджет имкониятлари”дан фойдаланишга чақирмоқда, бунда сармоялар ва ички талаб эҳтиёжи доимий равишда қондириб борилади, деб ёзади Welt нашри.

Бу алоҳида давлатлардан тавсия тариқасида келмоқда. Ислоҳотлар бўйича бундай тавсиялар Европа комиссияси томонидан ҳар йили эълон қилинади. Улар ЕИ аъзо давлатларининг иқтисодий ва бюджет сиёсатини мувофиқлаштиришда кўмак беради.

Бу комиссия Германияни амалдаги тўловлар мувозанатидаги катта фарқ туфайли бир неча бор танқид қилган. Германияни бир неча йилдан бери макроиқтисодий мувозанатнинг йўқлигида айблашмоқда, у на немис, ва на Европа манфаатларига жавоб беради.

Ўтган ҳафталар давомида бу танқид анча баланд товушда янгради. Халқаро валюта жамғармаси сўнгги вақтларда ташвишда эканини билдирган бўлса, АҚШдан Германия экспорти туфайли айбловлар ёғилди. Франциянинг янги президенти Эммануэль Макрон сайловолди кураш давомида Германияни истеъмол ва сармояни кўпайтириш, ҳамда шу тариқа Европа иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Европа комиссияси анчадан бери давлатларни иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга чақириб келади. Улар сармояларни ошириш орқали Европадаги конъюнктурага таъсир кўрсатиши ҳамда кучсизроқ давлатларга улар иқтисодиётини ислоҳ этиш ва бюджетни соғломлаштириш учун кўпроқ эркинлик яратиб бериши даркор.

Европа комиссиясининг фикрича, Франция ва Италияга шундай кўмак керак бўлади. Франция, ЕИ комиссияси маълумотларига кўра, Брюсселнинг бюджет бўйича талабларини яна бажара олмайди. Маълумотларга кўра, жорий йилда янги қарздорлик иқтисодий ишлаб чиқаришнинг 3 фоизини ташкил этади. Комиссиянинг эслатишича, «Франция қўшимча чораларга тайёр бўлиши керак».

Франция президенти Макрон иқтисодиёт курсига риоя этаётганини тан олди. Бироқ, у Берлиндан ҳам сармоявий жиҳатдан қўллаб-қувватловни талаб қилмоқда. ГФР канцлери Ангела Меркель, Христиан-демократик иттифоқ ҳам Германия-Франция сармоялари масаласида очиқлик тарафдори эканини кўрсатиб берди.

Бироқ немис сиёсати ёрдамга муҳтожларга эътиборсиз ҳам бўлиши мумкин. Масалан, солиқларни тўлашдан келаётган миллиардлаб евро инфратузилмага сармоя учун тақдим этилиши мумкин. Бироқ режалаштириш жуда узоқ давом этмоқда. ЕИ комиссиясининг тан олишича, Берлин сиёсатчилари давлат лойиҳаларини режалаштиришни енгиллаштиришга ҳаракат қилиб кўришган. Аммо бу муаммони ҳал қилиш учун кўпроқ интилишни талаб этмоқда.

Европа марказий банкининг фоиз ставкалари бўйича сиёсати ва хомашёга нархларнинг пастлиги ҳам Германия экспортининг жуда кўпайиб кетишига олиб келяпти. «ЕМБ сиёсати туфайли евро жуда кучсиз, айнан шунинг учун немис товарлари бир қадар арзондир», - деган Меркель Берлинда мактаб ўқувчилари билан учрашганда. 

ГФР ҳукумати охир-оқибат мувозанатдаги тафовут бўйича мунозараларга нисбатан очиқликни намойиш этди. ГФР иқтисодиёт вазири Бригитте Циприснинг яқинда маълум қилишича, актуал ортиқчаликни 4 фоизга қадар камайтириш ҳаракатида экан. Ҳукумат бу фарқ 2018 йилда ички талаб туфайли қисқаришига умид қилмоқда.

Айнан шу масала бундестагга кутилаётган сайловларда ҳам муҳим ўрин тутади. Христиан-ижтимоий иттифоқ сайловларга солиқларни «кучли» камайтириш талаби билан боришини маълум қилган бўлса, Германия социал-демократик партиясидан номзод Мартин Шульц сармояларни ошириш ҳақида бонг урмоқда.

Европа комиссиясини бу хурсанд қилиши керак. У ўз ҳисоботида «ҳукуматга тегишли барча соҳаларда» инвестициялар кўпайишини талаб қилмоқда. Комиссия айниқса таълим, тадқиқот ва инновацияларни алоҳида тилга олган. Бундан ташқари, инфратузилмага сармояларни режалаштириш масаласига эътибор қаратиш даркор. Бу солиқ тизимининг самарадорлиги ва сармояларга очиқлигини ошириши керак.

Бунинг устига комиссия айнан Германиянинг кам таъминланган фуқароларига ЕИ бошқа аъзо давлатларига нисбатан барча ҳисоб-китоблардан сўнг кам маблағ қолишидан ташвишда. Комиссия солиқлар ва тўлов юкини камайтириш ҳақида айтиб ўтган. Ҳақиқий даромадларнинг кўпайиши ташқи нотенгликни ҳам йўқ қилишда фойдали.

Гап Европа комиссиясининг чақириқлари нақадар муваффақиятли бўлишида. Ўтган йили у Германия, Нидерландия ва Люксембургни инвестициялар ҳажмини оширишга мажбурлади. Комиссия ЕИ молия вазирларига ҳужжат тақдим этди. Унда катта бюджет-сиёсий дастакларга эга давлатлар харажатларни кўпайтиришга чақирилган. Бироқ ҳужжат ЕИ аъзо давлатлари томонидан қўллаб-қувватланмади. ЕИ аъзолари алоҳида мамлакатларнинг ўзига хос жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳақида ҳам маълум қилишди.

Умуман олганда амалдорлар Европадаги вазиятни ижобий баҳолашмоқда. «ЕИда иқтисодиёт ўсиши бундан кейин ҳам давом этади», - деди ЕИ молия комиссари Пьер Московиси комиссия тавсияларига бағишланган тақдимотда.