2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармон матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

Сайтимизда илгари ўз манбаларимизга таяниб хабар берганимиздек, фармонга кўра, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ташкил этилмоқда.

Президент фармонига кўра, қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;
  • электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
  • энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;
  • энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;
  • энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;
  • энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;
  • комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.

Тугатилаётган Суд департаментининг Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бюрога ўтказилади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади;

Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади;

Давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари Бюрога мазкур Фармонга мувофиқ юклатилган вазифа ҳамда функцияларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашишга мажбурдирлар.

Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш;
  • етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг (кейинги ўринларда истеъмолчи – юридик шахслар деб аталади) банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйиш;
  • етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим – истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;
  • энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;
  • энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий санкция қўллаш;
  • вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш;
  • энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;
  • энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш;
  • энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;
  • энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилиш.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини, шунингдек, энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин», дейилади фармонда.

Суд департаменти тугатилади ва унинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1.301 та бўшатилаётган штат бирликлари Бюрога ўтказилади.

Адлия вазирлиги бир ой муддатда Суд департаменти балансида бўлган ва у фойдаланаётган бинолар, воситалар ҳамда бошқа моддий-техника қимматликларини Бюро балансига ўтказишни таъминлайди.

Тугатилаётган Суд департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича Бюро унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.