Карлуш Кейруш: Ўзбекистонга қарши ўйин биз учун худди ЖЧ финалидек бўлади

Спорт 29 Май 2017 8203

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 июнь куни ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи 8-турида Теҳрон шаҳридаги «Озоди» стадионида Эрон термасига қарши рўбару келади.

Эрон терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан Австрияда тайёргалик кўрмоқда. Эронликлар терма жамоаси устози Карлуш Кейруш Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бўлажак баҳс олдидан ўз фикрларини ёзиб қолдирган.

«Австриядаги ўқув-машғулотлар йиғинида эканмиз, ўз-ўзимизга бир савол бериш вақти келди: Ўзбекистонга қарши ЖЧ саралаш ўйини олдидан фидойилик ёки қониқиш ҳосил қилишмиз керакми? Бошқача қилиб айтадиган бўлсам, Ўзбекистонга қарши беллашувда киритиладиган 3 очко ЖЧ йўлланмаси учун  «матч-поинт» бўлади.

Ўзбекистонга қарши ўйин биз учун худди ЖЧ финалидек бўлади. Ҳар доим айтиб келганим каби, биз ўзимизнинг Жаҳон чемпионатимизни ўйнаяпмиз! Ўзбекистон билан ўйин энг қийини ва  муҳими бўлибгина қолмай, жамоа сифатида кучимизни кўрсатишга катта имконият беради. Бўлажак ўйиндан қониқиш ҳосил қилиш эмас, ҳар бир дақиқа ва ҳар бир лаҳзада тўлиқ бурч, тўлиқ эътибор, тўлиқ профессионалликни кўрсатишимиз керак.

Бундан ками бизни қониқтирмайди, чунки муваффақият осонлик билан келмайди. Жамоанинг ҳар бир футболчиси, ҳар бир ходими ва саралаш босқичи учун масъул бўлган ҳар бир инсон борини бериши ва фидойилик қилиши лозим», – деган Карлуш Кейруш. 

Маълумот учун, А гуруҳи 7-туридан кейин Эрон 17 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, 13 очко жамғарган Жанубий Корея иккинчи поғонада бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан учинчи ўринни банд қилган. 4–6 ўринларни мос равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар термалари эгаллаган. 

Кўпроқ янгиликлар