26-28 май кунларида Тошкент шаҳридаги “Универсал” спорт саройи илк маротаба паралимпия дзюдоси бўйича ташкил этилган ва 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинларига рейтинг очколарини берадиган Осиё ва Океания чемпионатига мезбонлик қилди. 

Мусобақада спортнинг ушбу тури бўйича қитъада энг кучли саналган давлатлар - Эрон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Ироқ, Тожикистон, Тайван, Таиланд, Қозоғистон ва XV Паралимпия ўйинлари якунларига кўра  жаҳоннинг энг кучли жамоаси ҳисобланадиган Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этди.

Миллий Олимпия матбуот хизмати берган хабарга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу чемпионатда 9та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи поғонадан 3та олтин, 3та кумуш ва 3та бронза медаль билан Жанубий Корея терма жамоаси жой олган бўлса, Эрон терма жамоаси 2та олтин 2та кумуш ва 3та бронза медалга сазовор бўлиб, кучли учликка якун ясаб берди.