2017 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сенаторлар ишни «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишдан бошлади.

Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьялар лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш вазифаларини рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидалардан иборатдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди. 

Асосий қомуснинг 80-моддасига киритилаётган ўзгартишларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. 

Асосий қомуснинг 108- ва 109-моддаларига киритилаётган тузатишларда конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. 

Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар экология ва атроф-муҳит соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, шунингдек, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.