27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сенаторлар томонидан Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтиришга, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни кўриб чиқилди.

Қонунда судьялар ваколатларининг муддати ва судьяликка номзодларга қўйилган талаблар аниқ белгилаб қўйилган, шу жумладан, Конституциявий суд аъзоларининг икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги, амалдаги 5 йиллик ваколат муддати сақланиб қолиши белгиланмоқда. Судьяликка номзодларга нисбатан ёш цензини 30 дан 35 ёшга кўтариш ва судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни ташкил этиши назарда тутилмоқда. Судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари кенгайтирилмоқда. 

Конституциянинг устуворлиги, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар қўшилганлиги ҳисобига Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари кенгаймоқда. Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига киритилди. 

Ҳуқуқий ҳужжатда Конституциявий суд фаолиятининг ташкилий масалалари батафсил очиб берилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.