Шимолий Корея 29 май куни маҳаллий вақт билан тонгда охирги 2 ҳафта ичидаги учинчи баллистик ракетани учирди. Аввалги ракеталар 14 ва 21 май кунлари учирилганди. 

Охирги ракета Шимолий Кореянинг шарқидаги Вонсан шаҳри яқинидан учирилган. Япония ва АҚШ расмий шахсларининг маълумотларига кўра, ракета 6 дақиқалик парвози вақтида 450 км масофа учиб ўтиб, Япон денгизига, Япониянинг Симанэ префектурасидаги Оки оролидан 300 км узоқликда Япония иқтисодий ҳудудига тушган. Ракетанинг парвоз баландлиги 100 км ни ташкил қилган. 

Япония ва Жанубий Корея ҳарбийларининг тахминича, "Скад" туридаги ўрта масофаларга мўлжалланган ракета учирилган.

Шу муносабат билан Япония ташқи ишлар вазири Фумио Кисида журналистларга Япония АҚШ ва Жанубий Корея билан БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида ўзаро ҳаракатларни бошлаганини маълум қилган. Унинг айтишича, Шимолий Корея атрофидаги вазият у томондан Хитой давлат кенгашининг ташқи сиёсий ишлар учун масъул аъзоси Ян Цзечи билан муҳокама қилинади. Цзечи 29 май куни Токиога ташриф буюради.   

Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги ракета учирилишини БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг очиқчасига бузилиши деб атади ва Шимолий Кореяга нисбатан "қатъий чоралар" кўришга ваъда берди.  

Шимолий Корея охирги вақт бир ҳафталик оралиқ билан ракеталар учирмоқда. Ҳар бир синовда турли типдаги ракета синалмоқда. 14 май куни парвоз баландлиги 2111 км ва учиш узоқлиги 787 км ни ташкил қилган "Хвансон-12" ракетаси учирилганди. У Япониянинг иқтисодий ҳудудидан ўтиб кетиб, Япон денгизига тушган. 2000 км парвоз баландлигига Шимолий Корея томондан илк маротаба эришилган.

21 май куни Шимолий Корея яна бир синов ўтказган. Бу сафар қуруқликдан отиш учун қайта ишланган, сув ости кемалари учун мўлжалланган "Пуккиксон-2" баллистик ракетаси учирилган. Пукчхандан учирилган ракета 500 км учиб ўтиб, Корея ярим оролидан 350 км узоқликда Япон денгизига тушган.