27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Ялпи мажлисда «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ва 2017 йил 19 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. 

Низомга киритилган ўзгартишларга мувофиқ судларнинг, Судьялар олий кенгашининг, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларининг ходимларига махсус унвонлар – мансаб даражалари берилишини назарда тутувчи тартиб ўрнатилмоқда. 

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.