Тошкентда Cаptiva ва Prado автомобилларидан 7 млн сўмдан ортиқ мол-мулкни ўғирлаган шахс ушланди

Жамият 29 Май 2017 17795

2017 йилнинг 24 февраль куни тахминан соат 20:00 да, номаълум шахс, Юнусобод тумани ҳудудида фуқаро Эркинов Махмудга (анкета маълумотлари ўзгартирилган) тегишли бўлган “Cаptiva” русумли автоулов эшигини универсал пульт ёрдамида очиб, умумий баҳоси 5.900.000 сўмлик мол-мулкини ўғирлаган. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан (ўғирлик) жиноят иши қўзғатилган эди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Улуғбек Садикжонович Мамедохунов содир этганлиги аниқланиб, далилий ашё билан қўлга олинган. 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Мамедохунов 2017 йилнинг 22 май куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида, фуқаро Соипов Зохидга (анкета маълумотлари ўзгартирилган) тегишли бўлган “Prado” русумли автоуловидан 1.200.000 сўм нақд пулларни ўғирлаганлиги аниқланган. 

Мамедохуновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан кимдир жабр кўрган бўлса, “102” телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар идораларига мурожаат этиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар