Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида Мирзо-Улуғбек кичик саноат зонаси, Олмазор кичик саноат зонаси, Миробод кичик саноат зонаси, Чилонзор кичик саноат зонаси ва Бектемир кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.

КСЗ ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари тадбиркорлик субъектларига 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади, кейинчалик у тегишли келишувлар бажарилса яна 10 йилга чўздирилади.

Бундан ташқари, қарор билан Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналарининг Кафолат жамғармаси ташкил этилади. Уни ташкил этишда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пули, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва донорлар маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалардан фойдаланилади.

Қарорга кўра, Кафолат жамғармаси кичик саноат зоналари иштирокчиларига тижорат банклари кредитларининг гаров билан қопланмаган қисмини таъминлайди

Таъминланиш ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражаси йил давомида 60 фоиздан кам бўлмаса ва экспорт ҳажми ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг умумий миқдоридан 10 фоизга кам бўлмаса тақдим этилади.