Миллий телерадиокомпания таркибида ташкил этилган янги «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканали қачондан иш бошлаши маълум бўлди.

«Кун.uz» манбаси маълумот беришича, телеканал очилиши учун рамзий маънода 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни танланган.

Телеканалга Озод Ҳамидхўжаев директор этиб тасдиқланган. У кўп йилларда «Ўзбекистон» телеканалида «Таҳлилнома» кўрсатувини олиб борган. Унга «Ахборот» дастурида ишлаб келган Раҳим Маҳкамов ва Ҳайдар Ҳасанов ўринбосар этиб тайинланган.

Бундан олдинроқ «Ахборот», «Давр» ва «Пойтахт» информацион дастурлари ёпилиши, барча янгиликлар «Ўзбекистон 24» телеканалида бўлиши маълум қилинганди.

Миллий телерадиокомпания таркибида «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори май ойи аввалида имзоланганди. 

Телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб боради. Шунингдек, телеканал хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлади.

Президент қарори билан «Диёр» телеканали ва «Тошкент» радиоканали тугатилиб, уларнинг частоталари ҳамда штат бирликлари янги канал ихтиёрига ўтган.

«Ўзбекистон 24» SD ва HD форматларида рақамли эфир ижтимоий пакетига киритилади. Унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунга қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилади.