Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 27 май куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Вазир нутқининг тўлиқ матни вазирлик расмий сайтида келтирилган.

Унинг сўзларига кўра, 2017-2021 йиллар давомида мамлакатни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон тузган шартномаларнинг умумий қиймати 44 миллиард доллардан ошади.

«Умуман олганда, ўтган 9 ой давомида имзоланган савдо-сармоявий битимлар ва шартномаларнинг умумий сони 320дан зиёдни, маблағ ҳажми эса 44 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Уларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 13 мамлакат билан амалий ҳаракатлар режалари ("йўл хариталари") тасдиқланди», деган Комилов.

Вазир берган маълумотга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга давлат ташрифлари давомида жами 37,7 млрд долларлик 239та келишув ва шартномалар тузилган.