Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 25 май куни «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ «Ўзтрейд» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси этиб номланди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ 2015 йилнинг декабрида ташкил этилган. Компания кичик ва хусусий бизнес субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларига ўз маҳсулотини экспорт қилишда кўмаклашади.

Хусусан, «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ кичик ва хусусий бизнес субъектларига харидорлар топиш, сертификациялаш ва маҳсулотни хорижий харидор талабига кўра расмийлаштириш, банк, божхона ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда комплекс кўмак беради.

«Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ Uztrade электрон савдо майдончасини ривожлантириш бўйича фаол ишламоқда. Унда маҳаллий маҳсулотлар, нархи, тури, етказиб бериш шартлари, ҳамда бошқа хусусиятлари ҳақида маълумот берилган ҳолда жойлаштириб борилади.

Компания ребрендинги ҳақидаги қарор компанияни хорижда янада илгари суриш, ташқи бозорларда компаниянинг ишончли ва барқарор имиджини яратиш, хорижий шериклар доирасини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган.

Ўзбекистон раҳбари «Ўзтрейд» функцияларини ҳам кенгайтирди. Компания эндиликда ташқи бозордаги талаб ва таклифни ўрганиб, шу орқали тайёр рақобатбардош маҳсулотни ишлаб чиқаришга буюртмани жойлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Компания кичик бизнес субъектлари билан ҳамкорликда маҳсулотни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширади. У шунингдек, кичик бизнес субъектларига маҳсулотни сертификациялаш, реклама тадбирларини ўтказиш, уларнинг халқаро ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиши, маҳсулот экспорти масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат билан таъминлаш билан ҳам шуғулланади.

«Ўзтрейд» АЖ деҳқон ва фермер хўжаликларига қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотни (янгидан ташқари) экспортга йўналтиришда ҳам кўмак беради.

Унинг таркибига кирувчи корхоналар республика минтақаларидаги минтақавий оператор (филиал) функциясини бажаради.

«Ўзтрейд» АЖ компаниянинг хориждаги савдо уйлари орқали консигнация шароитларида буғдой ва ун экспортига ҳуқуқни олди.