27 май куни ўтказилган Сенат ялпи мажлисида сенаторлар Жиззах вилоятининг Зомин ва Зарбдор туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берган.

Шунингдек, сенаторлар Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Хива туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Хива шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Шаҳрисабз шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишган.

Таъкидланишича, мамлакат ҳукумати томонидан киритилган ушбу таклифларнинг маъқулланиши Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини, ҳудудлар батартиб жойлашишини ва уларни бошқариш самарадорлигини такомиллаштиришга, маҳаллий аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашади, туризм соҳасининг янада илдам ривожланишига туртки беради. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 16 майдаги йиғилишида Хива ва Шаҳрисабз вилоятга бўйсунувчи шаҳарларга айлантириш ҳақидаги қарор қабул қилинганди.

Зомин тумани Паркент, Бўстонлиқ туманлари сингари пахта ва ғалла етиштирмайдиган ҳудудга айланиши кутилмоқда. Тахминларга кўра, туманнинг 20 минг гектардан ортиқ пахта ва ғалла майдонлари Зарбдор туманига ўтказилади.